“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўл туннели қурилиши бошланди
Олам
−
29 Апрель
7630Бугун, 29 апрель куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлининг туннели қурилиши бошланди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қурилиш бошланишига бағишланган маросимда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Бақит Торобоев иштирок этган. У ўз нутқида “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўли нафақат транспорт йўлаги, балки Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик “кўприк” эканини таъкидлаган.
“Бу лойиҳа фақат инфратузилма эмас. У савдо, инвестициялар, саноат ва логистика ривожи учун янги имкониятлар яратади, минглаб иш ўринларини таъминлайди ва мамлакатларимиз иқтисодиётига кучли туртки беради. Биз шунчаки йўл эмас, балки келажакни қурмоқдамиз”, деди Торобоев.
Қурилиши бошланган туннель узунлиги 12,5 километр бўлиб, Жалолобод вилоятининг Сузак тумани билан Норин вилоятининг Тоғуз-Торо туманини боғлайди. Лойиҳа доирасида Норин ва Жалолобод вилоятларида яна шундай узунликдаги икки йирик туннель қурилиши режалаштирилган.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакилларидан иборат мамлакат делегацияси иштирок этган.
“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўл қурилиши доирасида 10 километрдан узун бўлган 3 та туннель, жумладан:
- 1-сон Норин (Жаман-Даван) туннели узунлиги – 12,5 км;
- Қўштўба (Казарман) туннели узунлиги – 13,2 км;
- Фарғона тоғ туннели узунлиги – 12,2 км қурилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлининг қиймати 4,7 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. Қурилиш ишларига 20 мингдан ортиқ ишчи жалб қилинади. Техник ва муҳандислик жиҳатдан бу лойиҳа энг мураккабларидан бири саналади – 120 километрга тенг бўлган 46 кўприк ва 27 туннель барпо этилиши режалаштирилган. Умумий йўл узунлигининг 40 фоизи айнан туннель ва кўприкларга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу темирйўл қурилишини бошлаш маросими 2024 йил 27 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирокида бўлиб ўтган эди. Давлат раҳбарлари бу лойиҳанинг бутун минтақа учун стратегик аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этган.
LiveБарчаси