Хитой икки душманни яраштирди

Олам

image
0:00
0:00
download

Кеча, 10 март куни Эрон ва Саудия Арабистони Форс кўрфазидаги барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солган, Ямандан Суриягача бўлган Яқин Шарқдаги можароларни кучайишига олиб келган кўп йиллик душманликдан сўнг муносабатларни тиклашга келишиб олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Пекинда икки рақиб Яқин Шарқ давлатининг юқори даражадаги хавфсизлик амалдорлари ўртасида Хитой воситачилигида тузилган битим тўрт кун муқаддам номаълум бўлган музокаралардан сўнг эълон қилинган. Эрон, Саудия Арабистони ва Хитой томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, Теҳрон ва Ар-Риёд икки ой ичида дипломатик муносабатларни тиклаш ва элчихоналарни қайта очишга келишиб олган. Томонлар давлатлар суверенитетини ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмасликка келишиб олган. 

Манбага кўра, шартнома Эроннинг хавфсизлик бўйича олий амалдори Али Шамханий ва Саудия Арабистони миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Мусаид бин Муҳаммад Ал-Айбон томонидан имзоланган. Унда 2001 йилдаги хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик шартномасини, шунингдек, савдо, иқтисод ва сармоя бўйича бошқа бир шартномани қайта фаоллаштиришга келишиб олинган.

Шунингдек, музокараларда воситачилик қилган Хитой бош дипломати Ван И келишувни мулоқот ва тинчлик ғалабаси сифатида баҳолаб, Пекин оғир глобал муаммоларни ҳал қилишда конструктив роль ўйнашда давом этишини қўшимча қилган.

Эрон ва Саудия нега душман эди?

Саудия Арабистони ва Эрон орасидаги алоқалар 2016 йилда бузилган. Ўшанда Ар-Риёдда шиа мусулмон уламосини қатл этиши ортидан икки давлат ўртасидаги можаро келиб чиққан. Келишмовчиликлар пайтида Теҳрондаги Саудия элчихонасига бостириб кирилиши ортидан Ар-Риёднинг Эрон билан алоқалари узилган.

Шунингдек, Саудия Арабистони 2019 йилда Эронни нефть иншоотларига ракета ва дрон зарбаларини амалга ошириш ҳамда Форс кўрфази сувларидаги танкерларга ҳужум қилишда айблаган. Эрон айбловларни рад этган.

Бундан ташқари, Ямандаги Эронга алоқадор бўлган ҳутийлар ҳаракати ҳам Саудия Арабистонига трансчегаравий ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширган. Саудия шу пайтда ҳусийларга қарши курашаётган коалицияга раҳбарлик қилаётган эди.  Бундай зарбалар 2022 йилда Бирлашган Араб Амирликларига қарата ҳам берилган.

Бунга дунё нима дейди?

Форс кўрфазидаги муҳим ўйинчилардан бири Америка Қўшма Штатлари саналади. Минтақадаги икки давлатнинг АҚШ иштирокисиз, бундан ташқари унинг рақиби бўлмиш Хитой воситачилигида келишувга эришгани Оқ уй учун сигнал бўлиши аниқ. 

Таъкидлаш жоизки, Ар-Риёд ва Вашингтон ўртасидаги узоқ йиллик стратегик алоқалар Президент Жо Байден маъмурияти даврида қиролликдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, Яман уруши, Россия билан алоқалари туфайли кескинлашган.

Бундан фарқли ўлароқ, Саудия Арабистонининг Хитой билан алоқалари тобора кучайиб бораётгани 3 ой муқаддам Раис Си Цзиньпиннинг Ар-Риёдга ташрифи билан яққол намоён бўлган. 

Форс кўрфази давлатлари Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Қатар, Баҳрайн ва Қувайт, шунингдек, Ироқ, Миср ва Туркия ҳам Саудия-Эрон алоқаларининг тикланганини олқишлаган. Бундан ташқари, Ямандаги ҳутийлар ва Ливандаги Эрон билан иттифоқчи “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳам келишувни муаффақиятли деб топган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Саудия Арабистони Хитой Форс кўрфази Яқин Шарқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг