Хитой Эрондан ҳусийларни тийиб туришни сўради – “Reuters”

Олам

image

Хитой Эрондан Ямандаги ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатишда ёрдам сўради. Бу ҳақда Эрондаги манбаларига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.

Уларнинг айтишича, Хитой ва Эрон яқинда Пекин ва Теҳронда бир неча учрашув ўтказиб, Қизил денгиздаги савдо ва ҳужумларни муҳокама қилган. 

"Хитой, агар унинг манфаатларига бирон-бир тарзда зарар етказилса, бу Теҳрон билан савдо муносабатларига таъсир қилишини айтди. Шунинг учун Эрон ҳусийларга ўзини тутиши учун таъсир ўтказиши керак", дейди манба. 

Бироқ, Теҳрон билан савдо алоқаларининг узилиши юзасидан аниқ изоҳ берилмаган.

Қайд этилишича, Қизил денгиздаги ҳусий ҳужумлари юк ташиш ва суғурта харажатларининг ошишига олиб келган ва бу Хитой фойдаланадиган  Европа ва Осиё ўртасидаги савдо йўлига таъсир қилган.

Ғазо секторида можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштиришларини ва операция ўтказилгунга қадар улар билан боғлиқ кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига йўл қўймасликларини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳусийлар ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери Қизил денгиз ва Адан кўрфазида 30 дан ортиқ тинч аҳоли кемаларига ҳужум қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ америкалик расмийларга таяниб, “Financial Times” нашри АҚШ Хитойдан Эронни Қизил денгиздаги тижорий кемаларга ҳужум қилаётган ҳусийларга таъсир ўтказишга ундашни сўрагани, аммо Пекиндан арзирли жавоб бўлмаганини хабар қилганди. Ямандаги ҳусийлар вакили эса ҳаракат Қизил денгиздаги Россия, Хитой ёки Германия кемаларига ҳужум қилиш ниятида эмаслигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Хитой Яман ҳусийлар Қизил денгиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг