Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи фонида Хитой армияси жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Хитой Халқ озодлик армияси қарши чора сифатида бир қатор мақсадли ҳарбий чора-тадбирларни амалга ошириши хабар қилинган.
Хитой Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, мамлакат армияси давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилади, шунингдек, ташқи аралашув ҳамда “Тайвань мустақиллигини” ташкил этиш бўйича беҳуда уринишларнинг олдини олади.
Бундан ташқари, Хитой оммавий ахборот воситалари Хитойнинг Су-35 қирувчи самолётлари Тайвань бўғозини кесиб ўтаётгани ҳақида хабар тарқатди. Тайвань Мудофаа вазирлиги Хитой самолётлари чиндан бўғозни кесиб ўтгани, аммо уларнинг бирортаси Су-35 қирувчи самолёти бўлмаганини маълум қилди.
“Хитой халқ озодлик армияси пайшанбадан якшанбагача Тайвань оролини ўраб турган олтита минтақада муҳим ҳарбий машғулотлар ва ўқув машғулотлари, жумладан, жонли отишма машғулотларини ўтказади”, дейилади хабарда.