Хитой армияси Россиянинг Украинада уруш олиб бориш тажрибасини ўрганмоқда
Олам
−
03 Июль 2023
10871Хитой Халқ Озодлик Армияси (ХХОА) Россия қўшинларининг Украинадаги зирҳли бўлинмалар ва учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш тактикасини фаол ўрганмоқда. Бу ҳақда бугун, 3 июль куни Гонконгнинг “South China Morning Post” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, яқинда ХХОАнинг 82-армия корпуси бригадаси Пекин яқинида жойлашган Хэбэй провинциясида машғулот ўтказган. Ҳарбий кузатувчиларнинг фикрича, машқлар давомида хитойлик ҳарбийлар Украинадаги Россия қўшинларининг тажрибасидан нусха кўчирган: улар разведка қилиш ва душманнинг танкга қарши ракета тизимларининг позицияларини аниқлаш учун дронлардан фойдаланган.
"Дронлардан танкга қарши ракеталарнинг учирилишини кузатиш учун зирҳли кучларнинг кўзи сифатида фойдаланиш, шунингдек, ҳаво зарбалари учун дрон-камикадзеларни ишлатиш Россия кучларига қарши чораларнинг ҳамёнбоп турларидан бири сифатида хизмат қилади", дейди Пекинда жойлашган Юань ван ҳарбий таҳлил маркази.
Армия корпуси қўмондони Лю Чень эса Хитой марказий телевидениесига берган интервьюсида биринчи тактик ўйин давомида унга ишониб топширилган бўлинмалар жангда мағлуб бўлганини айтган. Шундан сўнг, қўмондонлик хатолар устида ишлаган ва олдинга силжиш бўлинмаларини ҳаво таҳдидларига қарши туриш учун портатив ҳаво мудофаа тизимлари (MANPADS), шунингдек, кўчма радар станциялари билан мустаҳкамлаган, бу уларга ғалаба қозониш имконини берган.
Бундан ташқари, улар WZ-10 армия авиацияси вертолётларини, Type 099А танкларини, Type 07 ўзиюрар артиллерия қуролларини ва Type 04 пиёда аскарларнинг жанговар транспорт воситаларини ҳамда қўшимча радар станцияларини ишлатган.
Хитойлик ҳарбий таҳлилчи Сунг Чжунпиннинг фикрича, бу машғулотлар Украинадаги ҳарбий амалиётлар тажрибасини, хусусан, Украина Қуролли Кучларига Ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган Stinger ва Javalin MANPADS’ларга қарши туриш тактикасини акс эттиради.
“Украинадаги уруш кўплаб мамлакатларни қуролли кучларини модернизация қилишга илҳомлантирди. ХХОА ўқув тизимини модернизация қилиш учун Украинадаги жангларни диққат билан кузатмоқда”, деган Сунг Чжунпин.
Маълумот учун, 82-армия корпуси ХХОА жанговар қўмондонлиги марказий зонасининг бир қисмидир ва у Пекин мудофааси учун жавобгардир.
LiveБарчаси