ХДП халқнинг чўнтагига мўраламоқчи? Ворисова одамларнинг пулини ҳисоблашни таклиф қилди
Жамият
−
11 Октябрь 2019
10468“Халқ” демократик партияси жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови учун олға сураётган сайловолди дастурининг айрим қисмларини очиқлади. Маълум қилинишича, ХДП Ўзбекистон аҳолисининг даромади сарфлаётган харажатига қанчалик мос келишини бу пуллар қанчалик тўғри йўл билан топилаётгани устидан назорат олиб бориш кераклигини талаб қилмоқда. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова бу ҳақда 9 октябрь куни “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилган “Муносабат” кўрсатувида маълум қилган.
“Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурига киритаётган яна бир талаби шундан иборатки, мана шундай ҳисоблашмайдиган пулдорларимиз, пулни ўйнаб топадиган шахсларимиз даромадлари ҳақида декларация ҳам кўрсатишсин. Қайси пул эвазига шундай тўй қилишяпти? Қайси меҳнати эвазига топди экан? Декларация кўрсатилса, инсоннинг даромади ва харажати бир-бирига мос келиши керак. Агар унинг даромади ишлатган сарф-харажатидан кам бўлса, демак бу пул ўғринча пул. Мана шу нарсани ҳал қилишимиз керак”, дейди Ворисова.
Масалага журналист Қуддус Аъзам қўшилиб, бунда хориж тажрибасини қўллаш ҳақида фикр билдиради:
“Нима чет элда даромади билан буромади тўғри келмаса, Месси бўладими, Роналду бўладими, дарров қамашга боради. Бу дабдаба қилаётганларнинг асосий қисми тадбиркор эмас. Асосий қисми ашаддий порахўрлар, амалдорлар, тўғрисини айтиш керак. Нимага солиқ инспекцияси бориб, “Хўп жаноб, 100 минг долларлик тўй қилибсиз, даромадингиз манбаини кўрсатинг”, демайди. Биз кичкина мақолача ёзсак, 3 000 сўм тўлаб кетинг, қўшимча даромад топибсиз дейди”.
Давлат солиқ қўмитаси вакили эса Ворисова ва журналист Қуддус Аъзамнинг фикрларини тасдиқлайди ҳамда солиқ органлари айнан мазкур масала устида бош қотираётганини очиқлайди.
“Солиқ органларида ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган проектга асосан, 2020 йилдан бошлаб биринчи ўринда давлат органлари ходимлари томонидан топган даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари назарда тутиляпти. Бу Низом билан давлат солиқ хизмати органларига тўй эгалари томонидан қилинган харажатларни назорат қилиш вазифаси юклатилди. Яъни эртага тўй эгасининг тўйда қилган харажатлари ҳисоб-китоби солиқ органи томонидан олинади. Қайси маънода? Тўйга қанча санъаткорни таклиф этгани, машиналарга қанча харажат қилгани, стол учун ва бошқа харажатларни инобатга оламиз.
Харажати даромадидан ошиб кетдими, демак бу пуллар ноқонуний йўллар билан топилганини кўрсатади”, дейди Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Исмоилов.
Қизиқ, халқнинг чўнтагига мўралаётган, пулини санаб, ҳалол ё ҳаромга ажратишга, тўғри ё ўғрига чиқаришга уринаётган “Халқ” демократик партиясининг бу талабида қанчалик халқ манфаати ётибди?
LiveБарчаси