Midweek: Мубашшир Аҳмад қамоқда, “камбағал президент” энди йўқ
Таҳлил
−
14 Май 7565 9 дақиқа
“Дунёнинг энг камбағал президенти” дея эътироф этилувчи Уругвайнинг собиқ президенти, тоза қўллар, ҳалоллик ва оддийлик рамзига айланган Хосе Мухика вафот этди.
Анчадан буён қидирувда бўлган Мубашшир Аҳмад ноқонуний материаллар тайёрлаш ва сақлашда гумонланиб, Ўзбекистонга келтирилди ва ҳибсга олинди.
Ўзбекистонда ҳеч бўлмаганда ўзини мухолифат дея атай оладиган партия пайдо бўлди. Бу партия сайловларида 2-ўриндан умид қилиб юрувчи ХДПдир.
Ўтиб бораётган ҳафтанинг ўртасига қадар Ўзбекистон ва жаҳонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’нинг Midweek дастури.
2-ўрин учун ҳаракат қилувчи мухолифат
Қонунчилик палатасининг 13 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг парламентда ўзини мухолифат, деб эълон қилиш масаласи кўриб чиқилди. Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов фракциянинг бу ҳақдаги расмий баёнотини эълон қилди. ХДП фракцияси ҳукумат дастури ва фаолиятининг айрим йўналишларига қўшилмаслигини маълум қилиб, ҳаммани бирзум ёқа ушлашга мажбур қилди. Хусусан, иқтисодиётда давлат назоратининг камлиги, стратегик аҳамиятга эга давлат мулкларини хусусийлаштириш қонун даражасида тақиқланмагани, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизими жорий этилмагани, фармацевтика соҳасида давлат назорати сустлиги каби бир қатор масалалар партия электорати манфаатларига зид экани таъкидланди. ХДПнинг мазкур қадами йил бошида муҳокамага қўйилган парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун ялпи мажлисда қабул қилинган кунда ташланди ва кўпчиликнинг эътиборини тортди. Аммо парламент ичида рўй берган бу воқеликни ҳозирдан ижобий баҳолаш ва эътироф этиш шарт эмас. Чунки мухолифат мавзуси қонунчилик учун ҳам, амалиёт учун ҳам янгилик эмас. Турли йилларда турли партиялар ўзини мухолифат деб эълон қилганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Хусусан, 2010 йилда Халқ демократик партияси, 2015 йилда Халқ демократик партияси ва “Адолат” СДП фракциялари ўзини парламент мухолифати сифатида эълон қилган. Албатта, бу сафарги мухолифат учун ташланган қадамлар парламентда охирги кунларда кузатилган воқеликларнинг табиий тарздаги мантиқий давоми бўлиши ҳам мумкин. Чунки сўнгги пайтларда парламент деворлари ичидан ҳар доим ҳам содир бўлмайдиган жараёнлар ҳақида хабарлар чиқиб турибди. Масалан, 29 апрель куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Ўзбекистон либерал демократик партияси томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини бошқа 4 та партия вакиллари рад этиб, унга қарши овоз берди. Мазкур қонун лойиҳасида ЎзЛиДеп электоратининг асосий кучи бўлмиш тадбиркорлар манфаатини очиқдан очиқ илгари сурганди. Жумладан, қонун лойиҳасида Меҳнат кодексига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилганди. Ушбу қонун лойиҳаси кўплаб баҳс ва тортишувларга сабаб бўлиб, якунда етарли овоз ололмади ва ташаббускорларга қайтарилган. Овоз бериш натижаларига кўра, қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган ЎзЛиДеП депутатлари тўлиқ уни қўллаб-қувватлаган – 57 овоз. Қолган 4 та партиянинг 71 нафар депутати қарши овоз берган бўлса, 2 нафар Миллий тикланиш партияси аъзолари бетараф қолган. Шу воқеадан 1 ҳафта ўтар-ўтмас, аниқроғи 5 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда икки фракция парламентда “Тараққиёт блоки” номли янги сиёсий бирлашма тузганини эълон қилди. Мазкур блок ЎзЛиДепдан 64, “Миллий Тикланиш”дан эса 29 депутатни жамлаган ҳолда 93 нафар аъзога эга бўлиб, парламентдаги энг йирик кучга айланди.
Бу ушбу блокка ўз ташаббуслари, қонун лойиҳаларини овоз бериш жараёнида осонгина ўтказиб олиш имконини тақдим қилади. Энг қизиғи, мазкур блок ҳукмрон партиянинг сўнгги ташаббуси қолган партиялар томонидан қаршиликка учраганидан кўп ўтмай тузилди.
Мубашшир Аҳмад энди қамоқда
Жорий йилнинг 8 май куни “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) Истанбулнинг Баҳчешеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани айтилди. Маълум қилинишича, Алишер Турсунов ҳибсга олинган куннинг ўзида адвокатлари иштирокида дастлабки суриштирув ўтказилган. Ўша куни адвокатларга билдирилган охирги маълумотга кўра, суриштирувдан сўнг Алишер Турсунов Истанбулдаги Депортация марказига ўтказилиши, эртасига эса у ердан озод қилиниши керак бўлган. “Azon Global” портали орадан 4 кун ўтган бўлса-да, Иммиграция бошқармаси Мубашшир Аҳмаднинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни ҳақида адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам ҳеч қандай маълумот бермаган. Порталнинг қўшимча қилишича, Туркия қонунчилигига кўра, назоратда ушлаб турилган шахснинг оиласига бу ҳақида маълумот берилиши, унинг ўзига ҳам яқинлари билан мулоқот қилишга изн этилиши белгилаб қўйилган. Шундан сўнг оиласи Мубашшир Аҳмаднинг аҳволидан хавотирланган. Чунки хабарда унинг узоқ йиллардан буён қандли диабет ва юқори қон босимидан азият чекиши ҳамда мунтазам равишда зарур дорилар қабул қилиб туриши кераклиги таъкидланган. Бу орада Мубашшир Аҳмад Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилингани ҳақида хабарлар чиқди. Уни 9 май куниёқ шошилинч тарзда депортация қилишмоқчи бўлишган, лекин жамоатчилик аралашуви туфайли Эдирне шаҳрига жўнатилгани иддао қилинди. Туркиялик адвокат Иброҳим Эргиннинг айтишича, Мубашшир Аҳмад Эдирнедаги Миграция идорасида разведка назорати остида сақланган, кейинчалик яна Истанбулга қайтарилган. Бу орада у юридик тизимдан четлаб ўтилган ва ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилган деган даъвони ўртага ташлади.
Мазкур воқеалардан кўп ўтмай, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишер Турсуновнинг Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинганини расман тасдиқлади. Қайд этилишича, Ўзбекистон ИИВ томонидан халқаро қидирувда бўлган, 1974 йилда туғилган, фуқаро Алишер Аҳмадович Турсунов жорий йилнинг 8 май куни Туркияда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган. Турсуновнинг таъсислигидаги ахборот платформалари орқали ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотларда, тегишли экспертиза хулосаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид ахборот мавжуд бўлгани сабабли, унга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирги кунда жиноят иши доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Ўзи умуман олганда, Мубашшир Аҳмад билан сўнгги 2 йилда бундай ҳолатлар кўп такрорланди. У Ўзбекистондаги фаолияти давомида ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларига чақирилган ҳолатлари ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бир неча бор маълум қилган.
Унга қўйилган айни дамдаги моддалар билан ҳам кескин тушунмовчиликлар юз берганди. Масалан, жорий йил бошида Ички ишлар вазирлиги диний олим ва блогер – “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Аҳмадович Турсунов) Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилганини маълум қилган эди. Аммо кейинчалик Вазирлик воизи Шоҳрух Ғиёсов Мубашшир Аҳмад юқоридаги моддада назарда тутилган жиноятда гумонланмаётгани, ахборот тарқатишда техник хатоликка йўл қўйилганини маълум қилганди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан 2023 йил 11 августда 1974 йилда туғилган фуқаро Алишер Турсунов (тахаллуси Мубашшир Аҳмад)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ўша йили 29 августда унга нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чораси қўлланиши шарти билан қидирув эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг август ойида таъсисчиси Мубашшир Аҳмад бўлган “Azon.uz”сайти ўз фаолиятини тўхтатганди. Шундан сўнг Алишер Турсунов Туркияга кетиб, ўша ерда “Azon Global” порталида ишини давом эттирди. 2023 йилнинг 28 декабрь куни эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси Мубашшир Аҳмад Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилиб, Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирилгани маълум бўлди.
Кейинроқ, 2024 йил 21 февраль куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Мубашшир Аҳмад депортация марказидан оиласи бағрига қайтганди.
Адолат ва ҳалоллик рамзи вафот этди
13 май куни Уругвайнинг собиқ президенти мамлакатни 2010-2015 йиллар оралиғида бошқарган, шу вақтдан бошлаб бугунгача ва кўп эҳтимол келажакда ҳам узоқ йиллар давомида ҳалоллик, поклик ва тоза қўл рамзига айланган Хосе Мухика 89 ёшида вафот этди. Унинг ўлими ҳақида мамлакатнинг амалдаги Президенти биринчилардан бўлиб хабар берган ҳолда, Мухикага барча хизматлари учун ташаккур билдирди.
“Биз ҳамкасбимиз Пепе Мухика вафот этганини чуқур қайғу билан эълон қиламиз. Президент, фаол, етакчи ва менежер. Сизни жуда соғинамиз, азиз нуроний. Бизга берган барча нарсангиз ва халқингизга бўлган чуқур меҳрингиз учун раҳмат”, деб ёзади у.
Хосе Мухиканинг аҳволи анчадан буён ёмон эди. Унинг соғлиғида жиддий муаммолар борлиги ва ўлими фақатгина вақт масаласи бўлиб қолгани жорий йил бошида маълум бўлганди. Ўтган йили эса собиқ президент қизилўнгач саратонига чалингани ҳақида хабарлар чиқди. Жорий йилнинг январь ойи бошида “Busqueda” нашрига берган интервьюсида у саратон касаллиги жигарига ҳам ўтганини билдирган. Шундан сўнг Мухика касаллик билан курашишни тўхтатишга қарор қилган.
Юқорида таъкидланганидек, Мухика адолат, ҳалоллик, поклик ва кўплаб яхши хислатлари билан ҳали-бери ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаслиги тайин. У 1935 йил 20 майда Уругвай пойтахти Монтевидеода туғилган. У сўл “Tupamaros”ҳаракати аъзоси бўлган ва қарийб 14 йилини ҳарбий қамоқхоналарда ўтказган. 2005 йилдан 2008 йилгача Уругвай чорвачилик, қишлоқ ва балиқчилик вазири лавозимида ишлаган. 2009 йилги президентлик сайловларида у “Кенг фронт” сўл партиясидан номзод бўлган ва ғалаба қозонган. 2010 йил март ойида эса президент лавозимини эгаллаган. Президентлик даврида у бир қатор либерал ислоҳотларни амалга оширган. 2015 йилда Хосе Мухика президентлик лавозимини тарк этган ва кейин Сенатга сайланган, бироқ 2018 йил бошида истеъфога чиққан.
Мухика ўзининг камтарона турмуш тарзи учун “дунёдаги энг камбағал президент” лақабини олган. У президентлик даврида Монтевидео яқинидаги оилавий фермада яшаган ва деярли бутун маошини хайрия ишларига сарфлаган. 2014 йилда унга 1987 йилда ишлаб чиқарилган Wolkswagen Beatle’ни 1 миллион долларга сотишни таклиф қилишган, бироқ Мухика бу таклифга рад жавобини берган. Сенатдан кетгач, у ҳатто сенаторлик нафақасини ҳам рад этган ва овлоқ кулбадаги оддий ва камтарона ҳаётини давом эттирган.
Live
Барчаси