Хайр, Қиличдорўғли! Ўзингни бос, Эрдўған!
Олам
−
29 Май 2023
16785Кеча, 28 май куни туни билан дунё бўйлаб кўплаб мамлакатлар мижжа қоқмади. Барчанинг диққат-эътибори Туркияга қаратилганди. Чунки айнан кеча Туркия халқи мамлакатдаги энг муҳим сиёсий жараён – президентлик сайловини бошдан кечирди.
Иккинчи босқичга қолдирилган сайлов, кеча 28 май куни бўлиб ўтди. Ҳар бир фуқаронинг овози муҳим, ҳар бир овоз вазиятни тубдан ўзгартириб юбориш қобилиятига эга эди. Шу боисдан келин-куёвлар дейсизми, эфелар, йўруклар, кавказ турклари дейсизми, ҳамма ўз фуқаролик ҳуқуқидан тўла фойдаланди. Ҳатто, сайлов участкаларининг эшиклари эчки, мушук ва кучуклар учун ҳам очиқ бўлди.
Бироқ сайлов тугаганидан 2-3 соат вақт ўтиб-ўтмай эса ким ғалаба қозонгани аниқ бўлиб қолди. Кўча тўла одамлар байрам қилишга тушди. Қўшиқлар куйланди, Туркия байроқлари кўтарилди.
Асосий номзодларнинг тўплаган овозлари сони қуйидагича бўлди:
- Ражаб Тойиб Эрдўған – 52,14 %;
- Камол Қиличдорўғли – 47,86 %.
Мамлакатда Эрдўғаннинг ғалабаси эълон қилинди.
Эрдўған ўз ғалабасини Истанбулда автобус устига чиқиб, қўшиқ айтиб нишонлади. Унга эса рафиқаси Эмине Эрдўған ҳамроҳлик қилди.
Шунингдек, у илк табрикларни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Ливия Бош вазири томонидан қабул қилиб олгани ва улар лозим бўлса, Туркияга етиб боришга тайёр эканини айтди.
Бироқ Ражаб Тойиб Эрдўған шу ерда ҳам тинч ўтирмади, ғалабасини нишонлаш билангина чекланмади. Аксинча, ўзига мухолиф бўлган барча партиялар, хусусан “Яхшилик”, “Жумҳурият Халқ” ва “Халқ Демократик” партияларини бесоқолбозликда айблади. Асосий рақиби Камол Қиличдорўғлининг устидан эса очиқчасига кулди.
Шундан сўнг, Эрдўғаннинг ягона аёл мухолифатчиси ва Миллат Иттифоқига бирлашиб, Камол Қиличдорўғли номзодини қўллаган “Яхшилик” партияси раҳбари Мерал Акшенер сайлов натижалари, хусусан, Эрдўғаннинг ғалабасини тан олишини айтиб чиқиш баробарида Эрдўғанга яхшигина дакки бериб қўйди.
“Ўйлайманки, ғалаба нашидаси унинг кўзини яна кўр қилмайди, туҳмат ва ҳақоратларни тўхтатади. Ўйлайманки, уни сайлаган ва сайламаган ҳар бир фуқаронинг Президенти эканини бу сафар қабул қилади ва шунга кўра иш тутади”, дейди Акшенер.
Шунингдек, у Эрдўғаннинг Истанбулдаги ғалаба нутқида рақиби Камол Қиличдорўғлининг устидан кулиб, минглаб одамларни ҳам уни ҳақорат қилишига йўл қўйиб берганини қоралади.
“Ҳурматли Камол Қиличдорўғлини катта завқ-шавқ билан ўзига қарсак чалган бу мамлакат фуқароларига ҳақорат қилдирди. Бу янги сайланган, ҳозиргина сайланган, эндигина овозлари сайлов қутисидан олинаётган давлат раҳбарига ярашмайди”, дейди Акшенер.
Эрдўғаннинг рақиби – сайловда унчалик катта бўлмаган фоизлар билан ютқазган Миллат Иттифоқидан номзод Камол Қиличдорўғли ўзининг 6 дақиқалик нутқида охирги йилларнинг энг адолатсиз сайловини бошдан ўтказганини айтди.
Унинг фикрича, ўтган президентлик сайловида давлатнинг барча имкониятлари бир сиёсий партияга сафарбар этилган, бир инсоннинг оёқлари остига ташланган.
Унинг гапларига Президент Эрдўған парво қилмади ва Анқарага, Бештепа саройига учиб кетди. У ерда эса балконда нутқ сўзлади, шундан сўнг Халқ иттифоқи етакчилари ва Синан Ўған билан ғалабани бирга нишонлади.
Камол Қиличдорўғли эса курашни давом эттиришини билдирди.