Хайко Маас Германия Афғонистонга қайтишга тайёрлигини маълум қилди
Олам
−
02 Сентябрь 2021
7383Хавфсизлик таъминланган ва “Толибон” инсон ҳуқуқларига риоя қилган тақдирда Германия дипломатларини Қобулга қайтаришга тайёр. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биз нафақат инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга тайёрмиз, чунки Афғонистонга гуманитар ҳалокат хавф солмоқда. Агар ушбу шартлар (инсон ҳуқуқларига ҳурмат, инклюзив ҳукумат, мамлакат ҳудудини террорчиларга беришни рад этиш) бажарилса, ривожланиш учун ёрдам кўрсатишга ҳам тайёрмиз. Агар ушбу шартлар бажарилса ва хавфсизлик таъминланса, биз яна Қобулда дипломатик ваколатхонага эга бўлмоқчимиз. Ушбу масалаларни нафақат Европа Иттифоқи, балки унданда йирикрок доираларда муҳокама қиламиз. Ёрдам бериш учун, албатта дипломатик ваколатларга эга бўлишимиз керак”, дейди Маас Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашуви олдидан.
Шунингдек, Германия ТИВ раҳбари ЕИ Афғонистон бўйича тезроқ бир позицияга эга бўлиши кераклигини айтган.
“Агар ушбу масала бўйича Европа Иттифоқи роль ўйнашини хоҳласак, яраларимизни даволашга вақтимиз йўқ. Шунинг учун биз тезда ҳаракат қилишимиз керак. Афғонистон бўйича ўз позициямизни аниқ белгилашимиз керак”, дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрига ташриф билан келган Германия ТИВ раҳбари Хайко Маас билан учрашув ўтказганди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 26 август куни Германия ўз фуқаролари ҳамда Ғарбга ёрдам берган афғонистонликларни эвакуация қилишни тўхтатди. Қайд этиш керакки, ушбу жараёнда расмий Берлин Ўзбекистонга суянди. Ўз навбатида, расмий Тошкентнинг инсонпарварлик йўлида кўрсатган кўмаги учун Германия канцлери Ангела Меркель миннатдорлик билдирган.
Афғонистондаги вазият
АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузулганини эълон қилди.
LiveБарчаси