Германия ТИВ раҳбари Тошкентда. У Комилов билан учрашув ўтказди

Жамият

image

Аввалроқ Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас Ўзбекистонга келиши ҳамда Тошкентда расмийлар билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиши ҳақида хабар бергандик. 

Бугун, 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрига ташриф билан келган Германия ТИВ раҳбари Хайко Маас билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби хабар берди. 

Қайд этилишича, мулоқот чоғида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинган, шунингдек, бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартиби кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, Афғонистондаги бугунги вазиятга алоҳида эътибор қаратилган. Хайко Маас Ўзбекистон томонига Афғонистондан Германия ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг эвакуациясини ташкиллаштиришда кўрсатган ёрдами учун яна бир бор миннатдорлик билдирган. Томонлар Афғонистон йўналишида яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилган.

Хабарга кўра, учрашувда икки мамлакатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, Германия Афғонистондан ўз фуқаролари ҳамда Ғарбга ёрдам берган афғонистонликларни эвакуация қилишни тўхтатди. Қайд этиш керакки, ушбу жараёнда расмий Берлин Ўзбекистонга суянди. Ўз навбатида, расмий Тошкентнинг инсонпарварлик йўлида кўрсатган кўмаги учун Германия канцлери Ангела Меркель миннатдорлик билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг