Хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги танлов. Грузияда ҳукумат нимани хоҳлаяпти? Халқ-чи?
Таҳлил
−
27 Май
6472Муаммолар йўлагидаги эстафета таёқчасининг навбатдаги эгаси Кавказда жойлашган мўжаз Грузия тоғли ўлкаси ҳисобланади. Грузия парламенти мамлакат бўйлаб кескин оммавий норозиликларга сабаб бўлган мунозарали “хорижий агентлар” қонунини қабул қилиш масаласини деярли ўз ниҳоясига етказди. Роппа-роса бир ёшга тўлиб улгурган ушбу муаммонинг саргузаштлари охирлаб қолди. Пойтахт Тбилисида ўн минглаб одамлар қонунга қарши чиқмоқда. Таҳлилчилар эса бу Россияда аллақачон қабул қилинган чет эл агенти тўғрисидаги қонуннинг айни нусхаси экани ва бу қўпол хатолик Грузиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини жуда узоқ муддатга кечиктириши ҳақида огоҳлантирмоқда. Бироқ айни дамда Грузияда бошқарув бортига маҳкам ўрнашиб олган “Грузия орзуси” партияси бу тавсия ва “юмшоқ таҳдидларга” қулоқ солиш ниятида эмас.
Қонун нимани англатади ва у қандай “етилди”?
“Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси дастлаб 2023 йилнинг бошларида кун тартибига чиқишни бошлади. Март ойида кенг тарқалган норозиликлардан кейин ушбу қонун лойиҳаси қайтариб олинди. Вақт ўтиб қонун лойиҳасига маълум ўзгартиришлар киритилди. Аммо ўзгаришлар ушбу лойиҳадаги асосий тушунчаларнинг номланишини ўзгартиришдангина иборат бўлди. Фақат айрим атамалар ўзгарган ҳолда қайтадан ишлаб чиқилган лойиҳанинг янги таҳририда улар “хорижий таъсир агенти” атамасини “хорижий давлат манфаатларини кўзлаётган ташкилот” билан алмаштиришга қарор қилинди, аммо бошқа жиҳатларда у қайтариб олинган ҳужжатни такрорлайди. Қонун лойиҳасида “хорижий агентлар” реестрини яратиш кўзда тутилган.
Қонуннинг энг муҳим мақсади, хорижий донорлар таъсирида фаолият олиб борадиган нодавлат ва нотижорат ташкилотларни қаттиқ назоратга олиш. Унга кўра, 20 фоиздан ортиқ хориждан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари реестрга киритилади. Улар йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилишлари керак бўлади. Аммо, катта эҳтимол билан бу ҳаммаси эмас. Ушбу талаблар шунчаки “хамир учидан патир” бўлиши мумкин. Сабаби, бундай мазмундаги авторитар табиатга хос бўлган қонун лойиҳалари қабул қилинган Россия Федерациясида мустақил оммавий ахборот воситаларининг тақдири қандай якун топгани барчага маълум.
Барча таҳлил ва тахминлар, жуда кенг кўламдаги қаршиликларга қарамай, Грузиядаги ҳукмрон партия бу лойиҳани яна қайта жонлантиришга эришди. Хусусан, шу йил апрель ойининг иккинчи ярмида бир неча кунлик парламент ичидаги ва кенг жамоатчилик орасидаги норозиликларга қарамай, Грузия парламенти “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. 1 май кунида бўлиб ўтган иккинчи ўқишда ҳам вазият ўзгармади. Биринчи ўқишда бўлгани каби, ҳужжатни 150 нафар депутатдан 83 нафари қўллаб-қувватлаган. Бу орада минглаб одамлар парламент биноси олдидаги майдонда тўпланиб, қонун лойиҳасининг қабул қилинишига норозилик билдиришганига қарамай, халқ томонидан сайланган халқ хизматчилари уларнинг эътироз ва қаршиликларини назардан четда қолдирди.
Ва ниҳоят жараёнга расман якун ясаб берган сўнгги учинчи овоз беришда Бош вазир Ираклий Кобахидзе муваффақиятга эришди ва ушбу “глобал интеграцион талабга жавоб бера олмайдиган” ҳужжатни парламентдан ўтказди. Бу сафар 150 ўринли қонун чиқарувчи органда 84 депутат қонунни ёқлаб, 30 нафари қарши овоз берган. Бу эса қонун лойиҳасининг салкам расман қабул қилинганини англатади. Тўғри, парламент буни расман тасдиқлатиш учун Президентга юбориши лозим. Президент бу ҳужжатга қарши вето қўйиш ваколатига эга. Бироқ энди буни деярли ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Негаки, тартиб қоидага кўра, мазкур етарли даражада тўпланган овозлар билан парламент Президентнинг ветосини ҳеч қандай тўсиқларсиз бекор қила олади.
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили қонун қабул қилинса, вето қўйишга ваъда берган эди. Зурабишвили “чиқмаган жондан умид” қабилида ўз ваъдасига содиқ қолди. У 18 май куни Грузия парламентида учинчи ўқишда қабул қилинган “Чет эл таъсирининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга вето қўйди.
“Бугун мен “Россия” қонунига вето қўйдим. Бу бизнинг конституциямизга ва барча Европа стандартларига зид келади ва шу боис бизнинг Европа йўлимиз учун тўсиқдир”, деб айтиб ўтди Президент. Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвили парламент Президентнинг чет эл агентлари тўғрисидаги қонунга қўйган ветосини енгиб ўта олишини маълум қилди.
Воқеалар ривожи қандай давом этди?
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Грузия чет эл агентлари ҳақидаги қонунни қабул қилгудек бўлса, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатга санкция киритиши ҳақидаги огоҳлантириш билан чиқди. Бироқ “Халқ кучи” партияси аъзоси Созар Субари буни шунчаки “қуруқ гап” деб атаб, Ғарб томонга кескин жавоб қайтарди. Унинг сўзларига кўра бу қонуннинг мақсади, Грузия ҳукуматини ташқи хуружлардан ҳимоя қилишдан бошқа нарса эмас. Депутатнинг урғулашича, АҚШ халқ томонидан қўллаб-қувватланмайдиган нодавлат ташкилотлар ва сиёсий партиялар қўли орқали мамлакатни итоаткор бошқарувга қайтаришга уринмоқда. Бу эса жиддий, бироқ ўзига яраша бир қанча асосларга эга бўлган айбловдир.
Қонун лойиҳаси Грузия учун ҳали узоқ вақт бош оғриғи бўлиши кутилган эди. Кутилмалар ўзини узоқ куттирмади. Европа Иттифоқи Грузиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни қабул қилиши билан боғлиқ можаролар ортидан аъзолик аризасини музлатиб қўйиши ҳақидаги хабарлар дарҳол Европанинг бир қанча оммавий ахборот воситаларида бирин-кетин кўриниш беришни бошлади. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Грузиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунининг мазмуни Европа Иттифоқи нормалари ва қадриятларига мос келмаслигини билдирди. Бу орада Оқ Уй ҳам жим турмади. Хусусан, Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Грузия Президенти Саломе Зурабишвили “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунга вето қўйиши кераклигини айтди.
“Агар қонун кучга кирса, Қўшма Штатлар Грузия билан икки томонлама муносабатларни тубдан қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади”, дейди матбуот котиби.
Бундан ташқари Блинкеннинг огоҳлантиришлари шунчаки “қуруқ гап” бўлиб чиқмади. Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Грузияга жавоб қайтаришнинг жиддий усулларига мурожаат қилмоқчи. Хусусан, улар “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун билан боғлиқ ҳолда Грузия расмийларига виза чекловларини жорий этиш бўйича янги сиёсатга ўтмоқда. Виза чеклови сиёсий ҳокимият расмийлари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан амал қилиши кўзда тутилмоқда. Бироқ бугунги кунда виза чеклови мажбурлов кучи етарли даражадаги сиёсий инструмент эмас ва бу билан қайсидир ҳукуматга таъсир ўтказиш фоизлари жуда паст. Лекин бу АҚШ томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган фақатгина дастлабки чора бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Президент ва Бош вазир қарама-қаршилиги. Ҳокимият кимнинг йўриғида?
Юқорида жуда кўп бора таъкидлаганимиздек, Президент Зурабишвили қонун лойиҳасига вето қўйишга ваъда берди, аммо бу жуда оз нарсани англатади. Чунки Грузия ҳозирда парламентар республика ва бундай турдаги бошқарув шаклида Президент амалда шунчаки давлат арбоби ҳисобланади, холос. Шундай экан, бу муҳитда ҳақиқий ҳокимият Бош вазир Кобахидзега тегишли. Бундан ташқари, Грузия орзуси асосчиси, собиқ Бош вазир Бидзина Иванишвили ҳам мамлакатда муҳим сиёсий таъсирга эга, деган маълумотлар ҳам йўқ эмас.
Президент ва ҳукумат бу масалада бир-биридан кескин фарқ қилувчи икки хил позицияда. Зурабишвили CNN телеканалига берган интервьюсида қонун лойиҳасини россиялик мавқедошининг “аниқ нусхаси” деб атади. Бу масала бўйича нафақат Зурабишвили, балки Ғарб дунёсининг жуда кўплаб расмийлари ҳам шундай фикрда. Уларнинг фикрини умумлаштириб турувчи нуқта шуки, агарда мазкур қонун кучга кирса, бу мустақил матбуот ва фуқаролик жамияти учун оғир даврларни бошлаб беради. Европа иттифоқига киришга ҳаракат қилаётган давлат эса бу каби хатти-ҳаракатларни амалга ошириши бироз тушунарсиз ҳолат.
CNN мухбири Кристиан Аманпур билан суҳбатда Зурабишвили 2024 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловлар аҳолига қонунни “бекор қилиш” имкониятини беришини айтди. Дарҳақиқат, Саломе хонимнинг бу гапида бир қадар жон бор. “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси ўзининг бу ҳаракатларини айнан парламент сайловлари йилида амалга ошириб катта хатога йўл қўймоқда. Қонун май ойида қабул қилинди, сайловлар эса октябрда. Бу вақт эса кенг жамоатчиликнинг расмийларга нисбатан вужудга келган ғазаб ва нафратининг сўниши учун жуда озлик қилади. Бироқ қонунга қаршилар ростдан ҳам кенг жамоатчиликми деган савол ўртага ташланиши лозим. Бу лойиҳанинг кучга киришига қарши кўчага чиқаётганлар ҳақиқатан ҳам жуда кўпчиликни ташкил қиладими? Улар аслида ким ва айнан нимани хоҳламоқда? Намойишчиларнинг асл мақсади фуқаролик жамиятининг эркинликлари учунми ёки уларнинг бу ҳаракатлари ташқи стимуллар туфайлими? Бу каби саволларга ҳали тўлиқ жавоб мавжуд эмас. Бизга ҳозирча маълум бўлган энг асосий маълумот – ҳар сафар намойишларда қатнашаётганларнинг сони. Қонун лойиҳаси қабул қилинишидан бир ой олдин ҳар кеча Тбилисида оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Шундай норозилик намойишларидан бирида 50 мингга яқин одам 1 миллион атрофидаги аҳоли истиқомат қиладиган пойтахтга чиқиб, “Россия қонуни” деб аталаётган лойиҳага нисбатан ўзининг жиддий норозилигини билдирди. Айни дамда умумий ҳисобда 3,7 миллион аҳоли истиқомат қилувчи давлатда “50 минг” сезиларли кўрсаткич. Агар бу сон фақат биргина намойишнинг ўзида ва биргина Тбилисида эканлигини ҳисобга олсак, вазият анча жиддий эканини тахмин қилиш қийин эмас. Тўғри, норозиликнинг асосий ўчоғи ҳозирда фақат пойтахт Тбилиси, бироқ бу қаршиликларнинг шамоли Грузиянинг бошқа қисмларида эсмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Айниқса, бу кайфият сайлов пайти янада авж олиб, овоз бериш жараёнига ўзининг сезиларли таъсирини ўтказмай қолмайди. “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партиясини айнан шу масала жиддий хавотирлантириши лозим. Чунки уларга қарши деярли мухолифат ампуласидан жой олиб улгурган Президент Саломе Зурабишвили бу ҳақдаги режасини очиқлади.
“Биз жамиятнинг ушбу сафарбарлигидан ва сиёсий партияларнинг бирлашувидан фойдаланиб, ушбу сайловларда ғалаба қозонишимиз керак, чунки бу Европа усули”, деди у.
Мухолифат жамоатчиликнинг фаол қатламидан фойдаланиши олдиндан тахмин қилинган жараён эди. Айни дамда бундан бошқа йўл ҳам мавжуд эмас. Улар аллақачон масаланинг юридик томонини бой берган. Парламентдаги устунлик тўлақонли ҳукмрон партия қўлида. Одатда, парламентар республикада бирон мақсадга эришиш учун шунинг ўзи етарли ҳисобланади. Шундай экан бу ҳолатда Президент ва у билан бир йўлакка тушиб олган мухолифатнинг ушбу масаладаги имкониятлари октябрь ойигача жуда паст. Бундан ташқари, уларда қўшимча тарзда “юмшоқ ташқи куч” ёрдами имконияти ҳам бор. Бироқ ортда қолган уч декада инсониятга ички сиёсатда ташқи таъсирдан фойдаланишнинг ўзи бир мағлубият эканлигини кўрсатди. Давлатларни бошқараётган элиталар бу сабоқларни жуда яхши англаб улгурган.
“Грузия орзуси” ва мухолифат партияларнинг ҳақиқатлари
Бугун биз кўриб турган ва бизга кўринаётган ёки “кўрсатилаётган” манзара гўёки Грузин элитаси ўз халқининг манфаатларини сариқ чақага ҳам олмаётгандек кўринмоқда. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳар доим мавжуд эканини унутмаслик лозим. Партия вакиллари ушбу қонун лойиҳаси шаффофлик ва миллий суверенитетни қўллаб-қувватлашини тинимсиз таъкидлаб, Ғарбнинг ушбу қонунга қарши қаратилган танқидларига ўта жиддий риторикада жавоб қайтариб келмоқда.
Ҳозирча норозиликларнинг асосий нуқтаси фақатгина Тбилиси кўчалари ва парламент биноси атрофи. Бутун мамлакат бўйича бундай сценарий мавжуд эмас. “Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида”ги қонуннинг асосий ижодкорлари ҳисобланадиган Бош вазир Ираклий Гарибашвили ва унинг ортида турган партияларнинг энг асосий приоритети бу айни дамда – хавфсизликдир. Бугунги кунда Грузияда иқтидорда турган шахслар хавфсизлик сўзи ортида аниқ бир жараённи назарда тутмоқда. Бу – “рангли инқилоб” ярасидир. Тўғри, яқин ўтмишда грузин сиёсий ҳаётида содир бўлган рангли инқилоб мамлакат учун кенг кўламдаги ижобий ўзгаришларни тақдим этди, бироқ ҳар сафар бу турдаги инқилоб содир бўлар экан, жамоатчилик орасида инқилоб билан келган янги ҳукуматнинг “мустақил” эканлигига шубҳа туғилаверади. Бу ҳодиса Жорж Сороснинг тириклик пайтида содир бўлиши эса шубҳа ва гумонларни янада кучайтиради.
Дунёга “Сорос фонди” номи билан танилган Очиқ жамиятлар жамғармаси айнан ҳукмрон грузин партиялари томонидан қонун лойиҳасида назарда тутилган хорижий молиявий манбаларга яққол мисол бўла олади. Кўплаб сиёсий экспертларнинг фикрига кўра, рангли инқилобларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи айнан Жорж Сорос томонидан ташкил қилинган Очиқ жамиятлар жамғармасидир. Агар бу фикрни тасдиқлайдиган бўлсак, Ираклий Гарибашвили ва у бошчилигидаги ҳукмрон партиянинг ташаббуси бир қадар ўринли дейишимиз мумкин.
Жорж Сороснинг мамлакатларни ўз хоҳишларига кўпроқ мослаштиришдаги асосий қуроли бу "рангли инқилоб" эди. У ўз миссияси давомида Филиппинда сариқ инқилоб, Украинада апельсин инқилоби ва Мьянмада заъфарон инқилоби каби “ижобий” тўнтаришлар уюштиргани кўп эсга олинади. Рангли инқилобларнинг муваффақиятлари альтернатив кўринишга эга. Инқилоб одатда икки хил мақсадни ўз олдига қўяди. Буларнинг бири мавжуд ҳукуматни ағдариш бўлса, иккинчи муқобил йўл бу – элита ўз ўрнида қолган тақдирда, мамлакатнинг сиёсий маданиятини тубдан ўзгартирадиган ўзгаришларни амалга ошириш ва ён босишга мажбурлашдан иборат. Сорос ўзининг Очиқ жамият жамғармалари нодавлат ташкилоти ҳомийлигида бутун дунё бўйлаб шу каби рангли инқилобларда чуқур иштирок этганлиги борасида таҳлилчилар ўртасида турли қарашлар мавжуд.
Грузиянинг амалдаги ҳукумати айнан шундай сценарий содир бўлиши ва ушбу инқилобларни дастакловчи молиявий донорлардан хавотирда. Чунки Грузия рангли инқилоблар тарихининг энг олдинги саҳифаларидан жой олган мамлакат ҳисобланади. Тўғри, бугун Сорос ер юзида қандай таъсирга эга экани борасида аниқ бир хулосага келиш мушкул, бироқ унга ўхшаган янги “қўғирчоқбозлар”нинг яна бўй кўрсатмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Бу томондан “Грузия орзуси – Демократик Грузия” ва “Халқ кучи” партиялари томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар тушунарли.
Мухолифатнинг ҳам бу борада ўз хавотирлари ва шу хавотирга сабаб бўлувчи ўзига яраша асослари мавжуд. Янги давр тарихидаги ҳозирча дунёнинг энг жозибадор иттифоқ модели бўлиб келаётган Европа Иттифоқига қўшилиш ўзи билан бир қатор истиқболларни етаклайди. Грузия Президенти ва унинг ҳамфикрлари бугун оғзи ошга етай деганда байрамнинг бекор бўлишидан жиддий хавотирда. Сабаби, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси Европа қадриятларига мутлақо зид ва буни иттифоқнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти умуман қабул қилмайди. Бу эса Грузиянинг иттифоққа кириш жараёнини деярли тўхтаб қолишини англатади. Лекин олдимизда турган октябрдаги сайловлар бу масалани маълум маънода сўроқ остига олмоқда. Олдинда сайлов. Шундай экан, ушбу қонун лойиҳаси ва иттифоққа қўшилиш ишларининг тақдири вақт ҳукми остида.
“Хорижий агентлар” қонун лойиҳаси Россия ёки Ғарб танлови ўртасидаги Грузиянинг қарорими?
Қонуннинг қабул қилиниши ўз-ўзидан ўринли бир савол туғдиради: Грузиянинг келажаги кимга боғлиқ? Ички ва ташқи сиёсатидан тортиб, ваколатли шахслар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларгача аралашувчи Европа биланми, ёки анча йиллар олдин мамлакатнинг нақд бешдан бир қисмини тортиб олган ва бу ишни тарихда ҳам, ҳозир ҳам бир қанча қўшниларига нисбатан амалга оширган Россия биланми? Ушбу ҳолат шунчаки қийин танлов эмас. Бу икки зарар ичидан маълум даражада камроқ бўлганини танлашдек таассурот уйғотмоқда.
Сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги давлатларнинг кўпчилиги ўз векторини танлаб улгурди. Бу танлов баҳсида Россия аллақачон коллектив Ғарбга имкониятни бой берган. Болтиқбўйи ва Кавказорти ўз йўналишини Россиянинг истаклар доирасидан ташқарига олиб ўтишга улгуришган. Бу давлатларда миллий ўзликнинг шаклланиши эса мазкур жараённи ортга қайтариш имкониятини блоклади. Кўпчилик бугун Грузияда қабул қилинаётган “хорижий агентлар” масаласидаги қонун ҳужжатини ҳукуматнинг Кремлга нисбатан хайрихоҳ эканлигининг ишораси сифатида кўрмоқда. Бунинг энг асосий сабаби, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Россияда ҳам шундай мазмундаги қонун лойиҳаси мавжудлиги ва бу Федерацияда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларининг ҳаракатларини бўғиб ташлаганидир. Бундан ташқари, кўпчилик грузинлар 2008 йилда Грузияга бостириб кирган ва унинг халқаро тан олинган ҳудудининг 20 фоизга яқинини эгаллаган Кремлга нисбатан қаттиқ адоватда. Сўровлар шуни кўрсатадики, грузияликларнинг 80 фоизга яқини Кремль орбитасига тушиб қолишдан кўра Европа Иттифоқига қўшилиш тарафдори.
“Грузия орзуси” партияси эса мазкур машмашалар авж олгандан буён узоқ вақтдан бери россияпараст партия сифатида талқин қилинмоқда. Айниқса партия асосчиси Бидзина Иванишвили бойлигининг катта қисмини Совет Иттифоқи ва унинг сиёсий вориси Россияда орттирганлиги бу айбловни янада жонлантиради. Сўзимиз бошида тилга олинган Иванишвилига тўхталиб ўтиш бу борадаги фикрларни бир қадар тартибга солишимизга ёрдам беради. Бидзина Иванишвили миллиардер ва собиқ сиёсатчи ҳисобланади. Ўз вақтида Бидзинанинг бойлиги Грузиянинг бутун бошли бюджетидан ҳам кўп бўлгани эътироф этилади. У 2011 йилдан сиёсат билан фаол шуғулланишни бошлаган. У “Грузия орзуси” партиясининг асосчиси ҳисобланади. 2012 ва 2013 йиллар оралиғида ҳукуматни бошқарган Иванишвили фаолияти давомида ўзининг сиёсий вориси сифатида ҳозирги Грузиянинг Бош вазири Ираклий Гарибашвилини танлади. Ўзи эса 2021 йилда партия раислигидан ҳам, партиядан ҳам чиққанини эълон қилди. Бироқ мазкур ҳолат унинг сиёсатдан кетганини англатмайди ва бу шунчаки расмиятчилик бўлиши ҳам мумкин. Бугун Грузияда унинг улкан таъсири мавжудлиги тўғрисида гап-сўзлар етарлича. Бидзина айни дамда “Forbes” талқинига кўра, дунёнинг энг бой 600 миллиардерлари қаторидан ўрин олган. Унинг умумий капитали тахминан 6-7 миллиард доллар атрофида. Иванишвили ва у томонидан асос солинган партия россияпараст қонун лойиҳасини қўллаётгани ва унинг ўзи бойлигининг катта қисмини Россияда орттиргани Грузиянинг амалдаги ҳукумати сунъий равишда руслар томонга оғишаётганлигига далил бўла олмайди.
Грузияни нималар кутяпти?
Президент ветосини бекор қилиш учун бир палатали парламентнинг 150 нафар депутатидан камида 76 нафарининг розилиги талаб қилинади. Ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси эса 84 мандатга эга. Вето бекор қилингандан кейин қонун яна Президентга имзолаш учун юборилади. Агар Зурабишвили яна ҳужжатни имзолашдан бош тортса, уни парламент спикери Шалва Папуашвили имзолайди. Эълон қилинганидан кейин қонун кучга киради.
Бунга нисбатан океан ортидан дарҳол акс-садо келди. АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Жеймс O’Брайеннинг айтишича, агар у ерда демократияга путур етказилса, Қўшма Штатлар Грузия ҳукуматига қарши санкциялар жорий қилади. АҚШ Сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси раиси ва бир қанча демократлар Грузияга қарши санкцияларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.
Сиёсатчиларга кўра, санкциялар “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишини тарғиб қилиш ёки унга кўмаклашиш ҳаракатлари учун Грузия ҳукумати амалдорлари ва алоҳида фуқароларни жавобгарликка тортиши керак. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Давлат департаменти Грузия фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларига “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашда қатнашгани учун саёҳатга чеклов қўйиши керак бўлади. Бундан ташқари, сенаторлар Давлат департаментидан Грузияга нисбатан узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқишни, жумладан, ҳарбий ёрдамни қайта кўриб чиқиш ва Грузия ҳукуматини барча йўналишларда молиялаштиришни тўхтатишни талаб қилмоқда. Қонунчилар, шунингдек, АҚШ ва Грузия ўртасидаги стратегик мулоқотни бутунлай тўхтатиб қўйишга чақирди. Бу эса жуда жиддий қадам. Айнан сўнгги таклиф АҚШ сиёсий элитасининг қонун лойиҳасига нисбатан қаршилиги ўта жиддий эканлигини англатади. Қўшма Штатлар Грузия ҳукуматига қарши босқичма-босқич ҳаракатланиш эмас, балки дарҳол кескин ва қатъий жавоб бериш йўлини танлади.
Европа Иттифоқи расмийларига кўра эса, “Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Европа қадриятларига тўғри келмайди ва бу қитъада шаклланган демократик принципларга зид. Аслини олганда, мамлакат юрисдикциясида европалик сиёсатчилар наздида эркинлик ва фуқаролик жамиятига путур етказадиган бундай мазмундаги қонуннинг мавжудлиги Иттифоққа кириш орзуларини пучга чиқаради. Айниқса, қонуннинг асосий нишони хориждан туриб молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларига қаратилиши вазиятни янада мураккаблаштиради. Ҳозирча коллектив Ғарб дунё ҳамжамиятига инсон ҳуқуқлари ва унинг эркинлигини ҳимоялаш важида Грузияга қаршилик қилаётганини айтиб келмоқда. Аммо бу фақатгина бизга айтилаётган “чиройли” сабаб бўлиши ҳам мумкин.
LiveБарчаси