Хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқувчи гуруҳга Рубио бош бўлади – ОАВ
Олам
−
19 Август 2537 2 дақиқа
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Украинага хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиш бўйича махсус гуруҳга раҳбарлик қилади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, махсус гуруҳ таркибига АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари, НАТО вакиллари ҳам қўшилади. Муҳокамаларни мувофиқлаштиришда АҚШ асосий ролни бажаради.
Нашр манбаларига кўра, хавфсизлик кафолатлари Украинада ҳарбий мавжудликни таъминлаш, ҳаво мудофаасини кучайтириш, қурол-яроғ етказиб бериш ва “ўт очишни назорат қилиш” каби чоралардан иборат бўлади.
Манбаларнинг қўшимча қилишича, АҚШ бир неча йўллар орқали Европанинг “тинчликпарвар кучлари”га билвосита ҳарбий ёрдам кўрсатиши мумкин.
“Bloomberg”нинг ёзишича, хавфсизлик кафолатлари доирасида иттифоқчилар Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириб, унинг армияси сонига ҳеч қандай чеклов қўйилмаслигини режалаштирмоқда.
Агентликка кўра, кафолатлар пакети “кўнгиллилар коалицияси” асосида шаклланади. Бу коалицияда Европанинг бир қатор давлатлари, жумладан Франция ва Буюк Британия етакчилик қилади. Уларнинг таклифига кўра, жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин Украинага “сиёсий ва ҳарбий тўсқинлик кучлари” юборилиши ҳам мумкин.
Маълумот учун, кеча, 18 август куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина Президенти ва Европа етакчилари билан учрашувдан сўнг, Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашувига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа мамлакатлари Украинага “тинчликпарвар кучлар” ва қуруқликдаги операциялар орқали ёрдам бериши кераклигини айтганди. Макронга кўра, тинчликни таъминлаш учун кучли Украина армияси зарур бўлади ва Украинага қуруқликдаги операциялар билан ёрдам кўрсатиш шарт. У, шунингдек, Украинага иттифоқчилари томонидан тақдим этилиши мумкин бўлган тинчликпарварлик миссияларига эҳтиёж туғилишини таъкидлаган.
Live
Барчаси