Хатирчидаги дўконларга тунда ўт кетди
3-саҳифа
−
09 Ноябрь 2022
4612Навоий вилояти Хатирчи туманида савдо дўконларига ўт кетди. Ёнғин тунда содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Гап шундаки, кеча, 8 ноябрь куни соат 23:12 да Навоий вилояти Хатирчи тумани "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғини, Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра 2 та ёнғин-қутқарув экипажи 23:14 да воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 23:38 да бартараф этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида кийим-кечак, маиший техника, чинни-чиновор ва бошқа дўконларнинг 120 кв метр майдонда дўкон жиҳозлари, маҳсулотлари, шифт ва том қисми ёниб зарарланган. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғиндан иморатларининг 1500 кв метр майдони сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.