Хасбик UFC'дан бир йилда қанча ишлаб олгани маълум бўлди
Спорт
−
11 Август 2023
17856Хасбик номи билан машҳур бўлган россиялик блогер Хасбулла Муҳаммедов UFC'да сўнгги бир йилда қанча пул ишлаб олгани маълум бўлди. Бу ҳақда ташкилот президенти Дана Уайт “Hotboxin' with Mayk Tayson” каналига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унга кўра, блогер 2022 йилнинг сентябрь ойидан бугунга қадар UFC ҳомийлигида миллион доллардан ортиқ даромад олган.
“Хасбик - ажойиб йигит. У ўтган вақт ичида ақл бовар қилмайдиган ишларни амалга ошира олди. Биз у билан келишувга эришдик ва у видео ўйинда пайдо бўлди. Ҳозир унинг сурати туширилган футболкаларни сотяпмиз, бу эса унга жуда кўп фойда келтирмоқда. Хасбикнинг ҳозиргача ишлаб топган пули 1 миллион доллардан ошиб кетди. Бу фақат UFC'дан, Хасбикнинг бошқа бизнеслари ҳам бор”, дейди Дана Уайт.
Маълумот учун, Муҳаммедов бир неча йиллардан бери аралаш яккакурашлар (ММА) оламида анча машҳур ҳисобланади. Унинг бўйи 93 сантиметр, оғирлиги эса тахминан 18 килограммни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хасбик UFC билан беш йиллик шартнома имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Унинг асосий вазифаси ташкилот ҳомийлигида ўтадиган турнирларга бориш, медиа кунларида иштирок этиш ва ОАВ билан алоқаларини ўз ичига олади.