Халқаро қидирувдаги шахс илк бор Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
3-саҳифа
−
27 Март 2023
15489Халқаро қидирувда бўлган шахс биринчи марта Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Ушбу жараён Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан амалга оширилди. Бу ҳақда бюро матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент ва Стокгольм Интерпол Миллий Марказий бюроларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ҳамда Лион шаҳрида ўтказилган Миллий марказий бюролар раҳбарларининг йиллик конференция давомидаги учрашувлар натижасида Швециядан биринчи марта жиноятчи Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Қидирилаётган шахс ноқонуний бойиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, пухта ўйланган режага мувофиқ, тегишли ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали кўчмас мулкни сотиш билан шуғулланган ва ўзининг ушбу фирибгарлик ҳаракатлари орқали катта моддий зарар етказган.
Олинган маълумотларга кўра, жиноятчи Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудида яширинган, аммо тезкор-қидирув тадбирлари давомида қидирувдаги шахс Швеция ҳудудида аниқланган ва ҳибсга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилганидан сўнг жиноятчи Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари ҳамроҳлигида адолат қарор топиши учун Ўзбекистонга олиб келинган.
LiveБарчаси