Халқаро қидирувда бўлган уч нафар ўзбекистонлик Россияда ушланди
3-саҳифа
−
23 Ноябрь 2023
8430Россияда полиция ходимлари халқаро қидирувда бўлган уч нафар ўзбекистонликни қўлга олди. Бу ҳақда "47Channel" хабар берди.
Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари растрата ва ҳужжатларни қалбакилаштириш билан шуғулланганликда айбланиб халқаро қидирувга берилган.
Қайд этилишича, улардан бири 37 ёшли эркак бўлиб, 2018-2020 йилларда Фарғона вилоятида фуқароларнинг номига уларнинг розилигисиз кредит расмийлаштирган. У ўз ҳамюртларининг имзоларини сохталаштириш йўли билан умумий ҳисобда 528 миллион сўм миқдордаги кредитни расмийлаштирган. Фирибгар барча пулларни ўз ҳисобига ўтказиб олганидан сўнг, эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. 2022 йилнинг августида унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.
Иккинчи фуқаро эса Ленинград вилоятининг Ломоносов туманида қўлга тушган. 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳам юқоридаги айбловлар бўйича қидирувга берилган. Компания раҳбари бўлган бу шахс сохта ҳужжатлар билан жами 30 миллион сўмлик ўзгалар мулкини ўзлаштирган. У 2022 йил сентябрдан буён қидирувда бўлган.
Яна бир фирибгарлик жинояти билан 2023 йилнинг октябридан бери қидирувда бўлган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси эса Гатчинада ушланган. У ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мақсадида ўзгалар ҳужжатига суратини ёпиштириб, ўзини бошқа шахс сифатида таништирган.
Мигрантларнинг барчаси Петербург ва Ленинград вилояти ҳудудида рўйхатдан ўтмаган ҳолда яшаб келган. Ленинград полицияси Ўзбекистондаги ҳамкасбларига қўлга олинган шахслар бўйича маълумот берган. Уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15