Лохотрон сохта IELTS ва CEFR ортидан кимлар “соққа” қиляпти?
Бизнес
−
29 Ноябрь 2023
14478Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари, айниқса ёшларининг хорижий тилларни ўрганиш ҳамда халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритишга қизиқиши ортиб бормоқда. Жумладан, C1 даражасига эга ўқитувчиларга 50 фоизлик устама берилиши, магистратура ва докторантура босқичларида ўқиш учун миллий ҳамда халқаро сертификатларнинг мажбурий этиб белгиланиши ортидан минглаб одамлар хорижий тилларни ўрганишга киришди.
Шу билан биргаликда, баъзи "уддабуронлар" ўқимасдан ҳам сертификатлар олиш мумкинлигига ишониб, фирибгарлар тузоғига тушмоқда. Энг ачинарлиси, бутун бошли марказлар ҳам мана шу коррупцион ҳолатларга йўл қўймоқда, деган иддаолар мавжуд. Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ навбатдаги лавҳада сертификатларни пул билан олиш мумкинлигини айтаётган фуқаро ҳамда масъуллар билан интервью ташкиллаштириб, фирибгарликда айбланаётган UZ050 маркази фаолиятини ўрганиб чиқди.
Ноқонуний тартибда сертификат сотиб олганини айтаётган фуқаронинг сўзларига кўра, 30 га яқин халқаро имтиҳонларни ўтказиш билан шуғулланувчи UZ050 марказида ишловчи ходим унга бу ишни амалга оширишда кўмаклашган.
“Мен UZ050 марказига бориб, 2022 йил сентябрь ойида TKT учта модулини 1 500 АҚШ долларига олдим. Менга уни марказ ходими Д.С. олиб берди. Ўзбекистонда барибир сертификатлар олиш мумкин. Фақат керакли одамларни топсангиз бўлгани”, дейди у.
Аммо UZ050 марказининг имтиҳонлар бўлими ходими Ибрат Шакарбоев марказда 2022 йил апрелидан бошлаб Cambridge English талаби билан TKT имтиҳонларини ўтказиш тўхтатилганини маълум қилди.
“Бизнинг имтиҳонлар марказимиз 2022 йил апрелидан Cambridge English талаби билан TKT имтиҳонларини ўтказишни тўхтатган. Аудиода қайд этилган ходим Д.С. эса 2021 йилдан бери ишламаяпти. Бу жуда ҳам оддий фирибгарлар қармоғи, десак янглишмаймиз. Агар Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги текширса, бунинг ҳақиқий эмаслиги аниқланади. Устама берилган тақдирда ҳам қонуний тартибда қайтиб олинади”, дейди у.
Шунингдек, имтиҳонлар маркази раҳбари, халқаро эксперт Муҳаммадхон Солиевдан ҳам мазкур ҳолатга изоҳ берди.
“Ҳозирги кундаги яна бир аянчли трендлардан бири бу марказ ходимларини товламачилик йўли билан ўз тарафига оғдириб олиш ва имтиҳон натижаларига таъсир кўрсатиш. Жумладан, яқиндагина биз хат олдик. Унда бизнинг ходимларимизга Telegram скриншотлари билан "Ўзбекистон Республикаси администрациясига, Cambridge халқаро ташкилотига устингиздан ёзамиз", "Сизларда IELTS имтиҳонларининг жавоблари олдиндан бор" ва бошқа турли хил иддаолар ёзилган”, дейди у.
Бундан ташқари, кейинги пайтларда тармоқ фойдаланувчилари орасида айниқса Cambridge English'ning компьютерга асосланган – Linguaskill имтиҳони сотиб олиш мумкинлиги ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалмоқда. Имтиҳон назоратчиси Шаҳобиддин Нуриддиновнинг айтишича, Linguaskill имтиҳонининг жавобларини сотиб олиш имконсиз.
“Имтиҳон жараёнида ҳаммаси назорат остида бўлади. Имтиҳон назоратчилари ҳам сараланади. Имтиҳонга тайёргарлик кўриш, уни олиб бориш камералаштирилган... Имтиҳон олувчилар, марказ директори, назоратчилари томонидан текширилади. Айрим ҳолларда координатор томонидан кўнгилни хира қиладиган вазиятга ҳам дуч келяпмиз. Мисол тариқасида, махсус чиплар ёрдамида, микро қулоқчинлар орқали имтиҳон топшириш ёки ID карталари қалбакилаштирилишининг ҳам гувоҳи бўламиз. Баъзида номзодлар фақат имтиҳоннинг битта модулини топширган ҳолатда сертификатни қабул қилади, яъни ярим тайёр бўлган сертификатни Fotoshop дастури орқали қалбакилаштириб, тўлиқ ҳужжатга айлантиради”, дейди у.
Марказ раҳбари Солиев Муҳаммадхоннинг қўшимча қилишича, фирибгарлар халқаро сертификатлар учун имтиҳон олувчи марказларнинг ёрлиқлари, у ерда ишлайдиган ходимларнинг суратларидан фойдаланиб, одамларнинг ишончига кирмоқда. Оқибатда эса турли муаммолар келиб чиқмоқда.
“Биласизми, энг салбий оқибатлар деганда шахсан мен шуни тушунаманки, жуда ҳам кўп тест олувчиларнинг расмларини, жумладан, менинг ҳам расмларимни ишлатиб, бизнинг имижимизга қаратилган тазйиқлар ёки бошқа катта-катта IELTS марказлари, имтиҳон ва ўқув марказларининг расмларини олаётган фирибгарлар ўзларининг қармоқларига тушган одамларни алдаш учун фойдаланмоқда. Бу эса бунга ишонган одамларнинг чув тушишига олиб келади. Яна бир ҳолат, ўқув маркази бўлганимиз учун бизда IELTS курслари мавжуд. Шу боис имтиҳон тугаганидан кейин ўқувчиларимиз билан унинг қандай ўтгани ҳақида суҳбатлашамиз. Шунда ҳам интернетда турли муҳокамалар бошланиб кетади. Лекин имтиҳон жараёнини тушунадиганлар бунинг имконсиз эканлигини билишади”, дейди у.
Тўғри, бугунги кунда чет тилларини билиш кенг имкониятларни тақдим этади. Аммо қинғир йўллар билан олинган “билим” узоққа бормайди. Бугун биз сиз билан биргина UZ050 имтиҳонлар маркази мисолида сертификатларни сотиб олишнинг имкони бор ёки йўқлигини кўриб чиқдик. Эшитганингиздек, бунинг имкони мавжуд эмас. Шундай экан фирибгарлар тузоғига тушишдан эҳтиёт бўлинг!
Батафсил маълумот учун сайтимизга ташриф буюринг www.innovativecentre
Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Instagram’да янгиликлардан хабардор бўлинг
Facebook’да янгиликлардан хабардор бўлинг
Реклама ҳуқуқи асосида