Хакерлар Ўзбекистон орқали Украина порталига ҳужум қилди
Олам
−
16 Февраль 2022
22195Украинада кеча, 15 февраль куни банклар ортидан “Дія” порталига ҳужум уюштирилди. Хакерлар маҳаллий вақт билан соат 20:00 атрофида сайтни бузиб киришга ҳаракат қилди. Бу ҳақда Рақамли трансформациялар вазири Михаил Федоров маълум қилган.
“Тахминан соат 20:00 да банклар ортидан “Дія” порталига кучли DDoS ҳужуми бошланди, бу кутилган эди”, деб ёзади Федоров.
Унга кўра, ҳужум Россия ва Хитойдан бошланган. Портал мутахассислари буни тўхтатиб қўйган, лекин кейин ҳужум яна давом этган — бу сафар Чехия ва Ўзбекистондан.
Федоровнинг қайд этишича, порталга секундига 600 минг пакет зарарли трафик келиб тушган.
“Кейин ҳужум яна “қайтарилди”, дея қўшимча қилган Федоров.
Монобанк асосчиси Олег Гороховский, ўз навбатида, Ddos ҳужуми деярли барча Украина банкларида турли натижалар билан кетаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, хакерлар Альфа-Банк ва А-Банкга ҳужум қилишга уринган. Гороховский агар “кучли бўронлар” бўлса, “ташқи дунё” вақтинча ўчирилиши ва фақат Украина қолиши кераклиги ҳақида огоҳлантирган.
Аввалроқ, Украинадаги бир нечта банклар ва Мудофаа вазирлиги веб-сайтлари хакерлик ҳужумига учрагани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия истаган пайтида Украинага қарши ҳарбий амалиётларни бошлаши ва ҳужум турли шаклларда бўлиши мумкинлигини айтган.
Қайд этиш керакки, Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси