Х’да рўйхатдан ўтиш пуллик бўлади – ОАВ
Технология
−
10 Январь
2815Миллиардер Илон Маскка тегишли Х ижтимоий тармоғида фойдаланувчилар учун рўйхатдан ўтиш пуллик бўлади. Бу ҳақда компанияга яқин манбаларга таяниб, “Fortune” хабар берди.
Ҳозирча Х’да рўйхатдан ўтиш бепул, аммо яқин ойларда бу ўзгариши мумкин. Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқ ҳар бир янги фойдаланувчидан аккаунт яратиш учун 8 доллар тўлов талаб қилади. Бу янгилик бутун дунёда 2025 йил февраль ойидан кучга кириши кутилмоқда.
Тўлов қилмаган фойдаланувчилар пост ёзиш ёки бошқа постларга изоҳ қолдириш имкониятига эга бўлмайди. Уларга фақат ўқиш режими тақдим этилади. Бироқ пуллик рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга бонус сифатида X Premium обунаси бир ойга бепул тақдим этилади. Бу хизмат рекламаларнинг йўқлиги, Grok нейротармоғининг кенгайтирилган имкониятлари ва тасдиқланган шахс белгисини (“галочка”) олишни ўз ичига олади.
Мазкур қадам, асосан, сохта аккаунтлар ва ботларга қарши кураш мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда. Ушбу тизим 2023 йилдан буён Янги Зеландия ва Филиппинда синовдан ўтказилмоқда. Бу давлатларда фойдаланувчилар рўйхатдан ўтишда йилига 1 доллар тўлашлари керак. Акс ҳолда тармоқ фақат ўқиш режимида фойдаланиш учун очиқ бўлади.
Бундан ташқари, Илон Маск тасмадаги постларнинг нашр санаси ва вақтини яширишни режалаштирмоқда. Унга кўра, бу интерфейсни янада яхшилайди ва визуал равшанликни оширади.
Ҳозирча Х вакиллари рўйхатдан ўтишни пуллик қилиш ёки постларнинг санасини яшириш режаларига расмий изоҳ бермаган.
LiveБарчаси