Кеннедига қилинган суиқасд видеоси кимошди савдосига қўйилади

Олам

image

АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг кортежи суиқасддан сўнг шифохонага кетаётгани акс этган янги видеолавҳалар Массачусетс штатининг Бостон шаҳридаги RR Auction кимошди савдоси уйида сотилади. Бу ҳақда “People” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, кимошди савдоси 28 сентябрь куни бўлиб ўтади. Видеода Парклэнд шифохонасига шошилаётган кортеж тасвирланган. Унинг муаллифи Техас штатининг Даллас шаҳрида яшовчи Дейл Карпентер бўлиб, унинг ўлимидан сўнг видеолавҳа набираси Жеймс Гейтсга қолган.

“Плёнка пластик сут қутисида сақланган. У бир неча йил менинг шкафимда турди”, дейди Гейтс.

RR Auctions ижрочи вице-президенти Бобби Ливингстонга кўра, бошқа барча видеолардан фарқли ўлароқ, ушбу лавҳа “Запрудер фильми”да қайд этилган воқеалардан кейинги лаҳзани акс эттиради.

Маълумот учун, Кеннеди ўлдирилиши акс этган 26 сониялик видео Қўшма Штатларда “Запрудер фильми” номи билан танилган, чунки уни кинокамера билан оломон орасида бўлган Авраам Запрудер суратга олган. 486 кадрдан иборат ушбу фильмда собиқ президент вафоти тасвирланган.

АҚШнинг 35-президенти Кеннеди 1963 йил 22 ноябрьда Техасга сайловолди сафари чоғида Далласда ўлдирилган. Жиноят ортидан тузилган расмий комиссия бу Ли Харви Освальднинг иши деган хулосага келган ва ҳеч қандай кенг кўламли фитна бўлмаганини маълум қилган. Комиссия хулосасига кўра, ўқ Далласнинг марказий майдонида жойлашган мактаб дарсликлари омборининг олтинчи қаватидан отилган. У ердан телескопик кўринишга эга милтиқ ва ишлатилган патронлар топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

суиқасд Кеннеди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made