“Котлован”га пул тўлаб чув тушаётганларни давлат кўрмаяптими?
Жамият
−
24 Июль 2023
8138Уй сотиб олмоқчисиз. Арзонроққа тушай деб қурилиши тугамаган, тугаш тугул ҳали бошланмаган, шунчаки чуқури (катлаван) қазиб қўйилган бино учун тўлов қилдингиз. Уй ё белгиланган муддатда битмайди, ёки битса ҳам кадастр ҳужжатлари сизга берилмайди. Ана шунда чув тушганингизни англаб етасиз.
QALAMPIR.UZ сайтига айнан шундай муаммолар билан кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Айрим мурожаатчиларнинг ўзлари пул тўлаган, яшаб турган уйлари банкка гаровга қўйилган, айримларининг уйи эса аллақачон тортиб олинган. Бунинг оқибатида эса юзлаб одамлар кўчада қолмоқда.
Кеча, 21 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Кадастр агентлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида таҳририят мухбири мазкур муаммони ўртага ташлади.
“Бу ҳозирги кунда жуда ҳам актуал бўлган муаммо. Биз бундай мурожаатларга ҳар куни тўқнаш келяпмиз. Кўп қаватли уйларнинг қурилиш тартибида биринчи навбатда қурувчи компанияга ер ажратилади. Мана шу ажратилган қуруқ ер давлат рўйхатидан ўтказилади. Шундан кейин қурувчи компани кўп қаватли уй қуриш учун масъул испекция назорати ташкилотидан тегишли тартибда хулоса олади. Мана шу хулосани олгандан кейин то кўп қаватли уйни қуриб, уни битқизгунча Кадастр агентлигига иши тушмайди”, деди муаммонинг келиб чиқиши сабабларига тўхталиб, агентлик раиси ўринбосари Мирсаид Мирмаҳмудов.
Унинг айтишича, бинонинг қазиб қўйилган чуқури учун пул тўлаган фуқаро ва қурувчи компания ўртасида олди-сотди шартномаси эмас, улушдорлик асосидаги инвестиция шартномаси тузилади. Чунки амалда йўқ бинони, квартирани сотиб олишнинг имкони йўқ. Фуқаро бу вазиятда қурилаётган бино учун инвесторлик қилаётган бўлади. Аммо шартнома шартларини ўқиб кўрмаган ва мазмуни билан таниш бўлмаган фуқаролар буни олди-сотди шартномаси деб ўйлаб, имзо чекиб юбораверади. Шу билан муаммолар бошланади.
“Аслида қурувчи компания пул маблағини жалб этиб бунинг эвазига уй битиб, фойдаланишга қабул қилинганидан кейин кадастр ҳужжатлари қилиб берилгандан кейин инвестиция киритган шахсга ўша кўп қаватли уйдан белгиланган квартирани инвестиция киритган фуқарога ўтказиб бериш шарти билан шартнома тузиши керак. Бунда қурилиш компаниясининг репутациясига эътибор бериш лозим. Чунки бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Қурилиш битганидан кейин, фойдаланишга топширилгандан, рухсатнома берилади. Шундан сўнг қурувчи компания инвестиция киритган, яъни улушдор бўлган шахсга тегишли тартибда, айтайлик, нотариус орқали кўчмас мулкни унинг номига ўтказиб беради. Ана шу кўчмас мулкни ўз номига ўтказган фуқаро кадастрга келиб, уйни ўз номига қайта рўйхатдан ўтказиб олади. Биз кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун жараёнга аралаша оламиз. Бунда ҳар бир квартира учун алоҳида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳам бизнинг ишимиз. Аммо қурилиши якунланмаган, фойдаланишга топширилмаган ёки тегишли ташкилотлардан фойдаланишга топшириш бўйича рухсат олинмаган кўп қаватли уйларга кадастр бера олмаймиз”, деди Мирмаҳмудов.
Хўш, бундан хулоса қандай? Одамлар “катлаван” учун пул тўлаб, уй сотиб олмаслиги керакми?
“Ҳозир ҳаммага қийин, кўчмас мулкларнинг нархлари ошиб боряпти. Ҳа, бу қийин ва қиммат жараён. Лекин бу усулда уй сотиб олганда одамлар йиллар давомида тўплаган маблағини бой бериб қўйиши мумкин. Ҳар хил форс-мажор ҳолатлар бўлади. Ҳеч ким ҳаммаси яхши бўлишини кафолатламаган. Агар фуқаро улушдорлик шартномасини тузишга мажбур бўлса, ягона йўли қурувчи корхонанинг обрўсига эътибор қаратиши керак. Чунки қонун тақиқламаган бир ҳолат борки, қурувчи корхона ўзи қураётган, ҳали қурилиши тугалланмаган кўп қаватли бинони хоҳлаган пайтида давлат рўйхатидан ўтказиб, гаровга қўйиб бошқа амалларни бажариши ҳам мумкин”, деб огоҳлантирди агентлик масъули.
Тошкент шаҳрида аллақачон долзарб муаммога айланиб улгурган бу ҳолатга кимдир, қачондир эътибор қаратадими? Агентлик шу пайтгача нега фуқароларни огоҳлантирмай, энди журналистлар сўровидан кейин тилга кирди?
“Бу бўйича тегишли, ваколатли органлар томонидан қўшимча тартиблар ишлаб чириляпти. Мана шу тартиб ишга тушганидан сўнг улушдорлик асосида уй олаётганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилинади”, деди Кадастр агентлиги раиси ўринбосари Мирсаид Мирмаҳмудов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова айни муаммога мисол тариқасида "Пойтахтда тартиб қолмади ёхуд қурувчиларни тиядиган одам йўқми?" номли репортаж тайёрлаган эди. Унда Тошкент шаҳрининг Миробод тумани Кичик-Миробод кўчаси 74/76 уйда қурилган “Diplomat” номли турар-жой мажмуаси билан боғлиқ вазият ўрганилган. Одамлардан олдиндан пул олинган, уй қурилиб, чала таъмирланган уйга одамлар кўчиб ҳам кирган, лекин мулкка эгалик ҳуқуқи, кадастр ҳужжатлари уй эгаларига берилмаган.
LiveБарчаси