Пойтахтда тартиб қолмади ёхуд қурувчиларни тиядиган одам йўқми?

Таҳлил

Кўпчилик пойтахтдан айниқса марказий кўчалардан уй олишни орзу қилади. Кўчалар доим тоза, йўл чизиқлари чизилган, ҳа деганда безовта қилишмайди, Хуллас тинч жойлар. Маьлумотларга кўра, ўтган 6 йилда Ўзбекистонда 300 мингта уй-жой қурилди. Бу аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп. Ўзбекистоннинг турли нуқталари баланд бинолар билан тўлаётгани сир эмас. Аммо уларни сифатли, барча хат-ҳужжати жойида деб баралла айтолмаймиз. Таҳририятга келадиган мурожаатчиларнинг кўплари уй олиш учун олдиндан тўлов қилган ва кадастр ҳужжатини ололмай сарсон бўлаётган фуқаролар. Бекорга бу мавзу ҳақида гап бошламадик. Гап шундаки, Тошкент шаҳрининг Миробод тумани Кичик-Миробод кўчаси 74/76 уйда “Diplomat” номли турар-жой мажмуаси қурилган. Одамлардан олдиндан пул олинди, уй қурилди, чала таъмирланган уйга одамлар кўчиб ҳам кирди. Лекин мулкка эгалик ҳуқуқи, кадастр ҳужжатлари ҳамон уй эгаларига берилганича йўқ.

“2021 йил 29 апрель куни кичик Мирободда жойлашган “Diplomat” турар жой мажмуасидан уй харид қилганман. “Дом”ни “LUXURY CAR WASH” МЧЖ қурган. Бизга 2021 йилда барча текширувлардан ўтиб, уй эгаларига топширилиши айтилган ва харидорлардан 100% пул олинган. 

 

2021 йил апрель ойидан ҳозирги кунга қадар бирорта хонадонга кадастр ҳужжатлари берилгани йўқ. Қўшнилар билан уйнинг сув, газ,“свет” ва бошқа камчиликларини тўғриладик. Ҳозир 85% одам уйга кўчиб келган. Афсуски, бирортамизда кадастр ҳужжати, шахсий пулимизга сотиб олган уйимизга эгалик ҳуқуқимиз берилмаган”, Ойимхол Шабекова.

Сотиб олаётган уйи ўз вақтида битишига умид қилган Шерзод Раҳимовнинг айтишича, у уйни ўз вақтида олиш ва ҳужжатларда муаммо бўлмаслиги учун олдиндан 10 минг доллар тўлаган.

 “2021 йил май ойида 166 кв метр бўш уй харид қилганман. Мен тўлов қилган вақтимда бир ой ичида кўчиб кириш мумкинлиги айтилиб, қўшимча 10 минг доллар пул олишган. Уйни сотиб олган вақтимда “дом”ни томи ёпилган, деразалар қўйилган эди. Қиммат бўлса ҳам тез кўчиб кириш мақсадида сотиб олгандим. Бизга эрта-индин деб ваъда беришди. “Свет”, газ билан боғлиқ муаммолар бўлганидан кейин қўшнилар билан пул йиғиб, чала қолган ишларни ҳам қилдик. Газ дейсизми, уни ҳисоблагичларининг ҳаммасини ўз чўнтагимиздан ўрнатдик. Болларимиз ёш, уйга рўйхатга ҳам қўйилмаган.

 

МЧЖ раҳбари йўқ демайди. “Ҳўп, ака, қилиб берамиз”, деб қутилади. У ҳам шу қурилиш орқасидан нон еган. Ҳозиргача аниқ гап айтилмаяпти. Биз прокуратурага ёзишимиз ортидан очилган иш бўйича камида тўрт маротаба терговчи алмашди. Ҳеч бир ташкилот олдиндан аниқ жавоб айтаётгани йўқ”, дейди Шерзод Раҳимов.

Мурожаатчиларнинг айтишича, кўп қаватли бинонинг устки қисми, йўлаклар, автотураргоҳ ва уйга кириш йўлаклари тайёр, таъмирланган ҳолда топширилиши керак эди. Афсуски, кадастр муаммоси камлик қилгандек, таъмирлаш ишлари ҳам охирига етказилмаган ва одамлар уйга кўчиб ўтишга мажбур бўлишган. 

“Бу ерга келганимизда бўйимиздан баланд чиқинди бор эди. Қурилиш ишлари битганидан кейин тозаланмаган. Автотураргоҳ умуман таъмирланмаган эди. Ҳаммасини ўзимиз қилдик. Қўшнилар билан бирга пул йиғиб таъмирлаттирдик, чиқиндиларни тозаладик. Ҳаммамизга иссиқ, совуқ сув, газ, “свет”ни “лицевой счет”лари берилган. Ҳаммамиз пул тўлаб келяпмиз. Демак, биз ҳисобдамиз. Лекин кадастрга келганда ҳаммаси жимлик”, дейди Ойимхол Шабекова. 

Кадастр ҳужжатларини ололмаган фуқаролар бир неча ташкилотларнинг эшигини қоққан. Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман). Уларнинг орасида фақатгина Бош прокуратура ҳолатга тезкор реакция билдириб ишни кўриб чиқиш учун ИИВга юборган. 

QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2022 йил 21 октябрь куни “LUXURY CAR WASH” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ҳали-ҳамон олиб борилмоқда.

“2 ой аввал Тошкент шаҳар солиқ қўмитаси ходимлари келди. Солиқчиларнинг айтишича, “LUXURY CAR WASH” МЧЖ мансабдорларининг катта миқдорда солиқдан қарзи борлиги сабабли биз яшаётган уй “арест”га туширилган. Уй “арест”га тушганидан кейин ўз-ўзидан кадастр олиш имконияти бўлмайди. Биз бу ҳақда Ички ишлар вазирлигига хабар бердик ва улар солиқ органи ходимлари ва МЧЖ раҳбарии Фаррух Шоаҳмедовни чақирди. Яна ўша ваъдалар берилди, аммо бирортаси бажарилмади”, дейди Ойимхол Шабекова. 

Тошкент шаҳар Солиқ қўмитасининг QALAMPIR.UZ’га берган маълумотларига кўра, “LUXURY CAR WASH” МЧЖ 2012 йил 29 июнь куни рўйхатдан ўтган. Қолаверса, бу МЧЖнинг 2023 йил май ойи ҳолатига кўра жами солиқ қарзи 1 млрддан ортиқ.  

“Солиқ қарздорлиги жамиятда 2022 йил ўтказилган камерал солиқ текшируви, 2023 йил жиноят иши бўйича текширув ҳамда жамият томонидан топширилган солиқ ҳисоботлари натижасида келиб чиққан. 

 

Камерал солиқ текшируви натижасида – 469,8 млн сўм, жиноят иши текшируви натижасида – 32,5 млн сўм, корхона томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботлари натижасида – 597,7 млн сўмлиги аниқланган. 

 

Жамият шахсий кабинетига солиқ органлари томонидан ҳосил бўлган солиқ қарздорлигини белгиланган муддатларда ундириш юзасидан 2020-2023 йиллар давомида жами 40 та талабнома юборилган.

 

МЧЖнинг солиқдан қарзи бўлгани сабабли 2023-йилда кичик Миробод кўчаси 74-уйда жойлашган бино иншоотига Солиқ бошқармаси томонидан тақиқ қўйилган.

 

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг Тошкент шаҳар Миробод тумани мажбурий ижро бўлимида солиқ қарзини жамиятнинг мол-мулки ҳисобидан ундириш бўйича ижро қарорлари мавжуд. 2023 йил 16 май ҳолатига МЧЖнинг жами солиқ қарзи 1,1 млрд (12.07.2023 ҳолатига кўра 754 665 223) сўмни ташкил этади”, дейилади Тошкент шаҳар Солиқ қўмитаси берган маълумотда.

Уй эгаларига кадастр ҳужжатлари нима учун берилмаётганини билиш мақсадида Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида назорат инспекцияси билан боғландик. Инспектор Истам Мейлиевнинг маълум қилишича, бугунги кунда Миробод тумани Кичик Миробод кўчасида қурилган “Diplomat” турар жой мажмуаси буюртмачиси “LUXURY CAR WASH” МЧЖ тегишли ташкилотларга тақиқлар қўйилган. Бу тақиқлар сабаб МЧЖ “Diplomat” турар жой мажмуасига кадастр ҳужжатлари олиш ва фойдаланишга топшириш учун mygov.uz сайти орқали ариза бермаган. Масъулларнинг маълум қилишича, инспекция томонидан бинони қабул қилиш бўйича ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас.

Таҳририятга келадиган барча мурожаатларни ўрганишда ҳар томонни тинглашга, суриштирувни холис олиб боришга ҳаракат қиламиз. Сотиб олган уйининг кадастр ҳужжатларини ололмаётган фуқароларни тингладик ва “LUXURY CAR WASH” МЧЖ раҳбари билан боғланишга уриндик. Ҳолатга муносабат беришини айтган МЧЖ раҳбари қайта алоқага чиқмади. Охир-оқибат улар билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бугунги кунда қурилиш компаниялари сони ортиб бормоқда. Сотиб оладиган уйингизга қараб таклифлар берилади, пулингизга қараб шароитлар. Афсуски, рақобат кучайиб бораётганига қарамай, таҳририятга кадастр муаммосини айтиб мурожаат қилаётганлар камаймаяпти. Бу муаммонинг ечими ҳокимият, вазирлик ёки бошқа ташкилотлар билан эмас, тадбиркор ва харидор билан боғлиқ.

Тадбиркорга ноҳақлик бўлгандан уни ҳимоя қиладиган ташкилотлар оёққа тургани каби, истеъмолчининг ҳуқуқи бузилаётган бир вақтда ҳам қонунлар ишлаши ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар уйғониши зарур. Шунингдек, фуқароларга ҳам ким билан қандай шартнома имзолаган тақдир ҳам шартнома шартларини ўқиш ва, албатта, юрист билан маслаҳат қилишлари зарур. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг