Каримов даврида инсон ҳуқуқлари бормиди?
Интервью
−
22 Октябрь 2020
40100Хабарингиз бор, жорий йилнинг 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди.
Ўзбекистонда охирги 4 йилда инсон ҳуқуқлари борасида катта ўзгаришлар бўлгани сир эмас. Буни дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда. Аммо, ҳали натижалар узоқ муддатли истиқболдан дарак бермайди. Улар устида тинимсиз ишлаш, ҳар қандай ислоҳот инсон ва унинг манфаатлари учун экани одамлар ҳаётида ўз ифодасини топиши керак.
2016 йилгача Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси қандай бўлган? Баландпарвоз шиорлар ортида ҳақиқатан ҳам амалий натижа кузатилганми? Каримов давридаги инсон ҳуқуқларини бугунгиси билан солиштириш мумкинми? QALAMPIR.UZ Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, захирадаги прокуратура полковниги, юридик фанлар номзоди Сайёра Хўжаева билан суҳбатда айнан шу масалани кўтарди.
“Жамият ўз ўтмиши билан ҳисоблашмаса, унда демократия ва инсон ҳуқуқларининг ривожланиши қийин кечади. Биз буни тарихдан кўрганмиз. Сиз бундан олдинги даврни кўрган аёл сифатида Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон, у даврдаги инсон ҳуқуқлари ва бугунги Ўзбекистон, бугунги инсон ҳуқуқларига қандай баҳо бера оласиз? 2016 йилгача Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари сўзидан бошқа амалий натижа бормиди?”, деган савол билан Хўжаевага юзландик.
“Ўтмишсиз келажак йўқ, дейишади. Тарихни тадқиқ қилиш – бу мутлақо нотўғри, деб ўйлайман. Тарихни биз борича қабул қилишимиз керак. Уни текшириб, тўғри ё нотўғри демасдан, хатолар ўтган бўлса, хулоса қилиш, ютуқлар бўлса фахрланиб яшаш керак. Аммо, фақат охирги тўрт йил ичида давлат томонидан инсон хуқуқларини химоя қилиш йўналишидаги ижобий ишларни кўрмаслик – бу адолатсизлик бўлади деб ўйлайман. Жамиятдаги очиқлик, ошкоралик, Жаслиқ колониясининг ёпилиши, суд-ҳуқуқ соҳасидаги 100 га яқин қонуний либераллаштириш ишлари, Ўзбекистоннинг шу йил 13 октябрда БМТнинг Инсон хуқуқлари бўйича Кенгашига илк бор аъзоликка сайланиши – ўзгаришларнинг ифодаси. Албатта, ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишимиз – юксак эътироф ва ишонч, деб ўйлайман”, дейди Сайёра Хўжаева.