Кариб денгизига қулаган Голливуд актёри ва қизларининг жасади топилди
Маданият-санъат
−
13 Январь
135624 январь куни Кариб денгизида самолётнинг қулаши оқибатида ҳалок бўлган Голливуд актёри Кристиан Оливер, унинг икки қизи ва учувчисининг жасади топилди. Бу ҳақда “Газета.ru” нашри хабар берди.
Актёрнинг оила аъзолари Янги йил байрамини нишонлаш учун Кариб денгизига борган. Фожиа эса улар АҚШга қайтаётганида юз берган. Самолёт ҳавога кўтарилганидан сўнг, қисқа вақт ичида сувга қулаб тушган.
Ҳалокатдан сўнг воқеа жойига маҳаллий аҳоли вакиллари, қирғоқ қўриқлаш хизмати етиб борган ва қурбонларнинг жасадларини олиб чиқишга муваффақ бўлган. Воқеа содир бўлган жойда сувнинг чуқурлиги тахминан 21 метрни ташкил қилиши айтилмоқда.
Билдирилишича, самолётни биринчи бўлиб балиқчилар топган. Сўнгра ғаввослар жасадларни олиб чиққан. Шундан сўнг, барча ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланган.
Самолёт қолдиқларини топишга ёрдам берган балиқчи маҳаллий нашрлардан бирига берган интервьюсида қирғоқ қўриқлаш хизматини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, у ҳамкасблари билан самолётни сув тубидан тез топган. Ўлган тўрт нафар одам ҳамон самолётнинг ичида хавфсизлик камарини таққан ҳолда ётарди. Балиқчилар бу ҳақида зудлик билан қирғоқ қўриқлаш хизматига хабар берган. Аммо улар жасадларни олиб чиқишга шошилмаган ва ғаввослар келишини кутган.
“Биз уларга сув оқими борлигини тушунтирдик. Оқим шимоли-ғарбий йўналишда эди. Шунинг учун кема очиқ денгизга чиқиб кетарди. Кейин самолётни топиб бўлмасди”, дейди балиқчи.
Маълумотларга кўра, Оливернинг оиласи Бекия оролига 26 декабрь куни етиб келган. Улар Цент-Люсия орқали АҚШга қайтишни режалаштиришган. Шунинг учун оролга шахсий самолётда учиб кетган. Ушбу самолёт АҚШда рўйхатдан ўтган ва бир неча йил аввал Бекияга кўчиб келган америкалик учувчи Роберт Саксга тегишли эди. У парвоз вақтида баъзи муаммоларни пайқаб, диспетчер билан боғланган ва аэропортга қайтаётганини айтган. Аммо бошқа алоқага чиқмаган. Бироз вақт ўтгач, маҳаллий аҳоли полицияга самолётнинг денгизга қулаганини маълум қилган.
Шунингдек, актёрнинг фожиадан уч кун олдин ижтимоий тармоқларда қолдирган пости ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
“Жаннатнинг аллақаеридан салом! Мулоқот ва муҳаббат учун...2024 йил биз келдик”, деб актёр соҳилдаги суратига изоҳ қолдирган.
Самолётнинг қулаши сабаблари ҳозирча ўрганилмоқда. Цент-Винсент ва Гренадинлар марказий тергов департаментининг оғир жиноятлар бўлими фожиани текширмоқда.
Маълумот учун, ўзининг актёрлик фаолияти давомида Оливер кўплаб йирик фильмларда, жумладан “Яхши немис”, “Тезлик пойгачиси” ва “Валкирий операцияси” фильмларида суратга тушган. Бундан ташқари, у яқинда “Индиана Жонс ва тақдир ғилдираги” франшизасининг сўнгги қисмини суратга олишда иштирок этганди.
Эслатиб ўтамиз, ҳалокат вақтида самолёт бортида 51 ёшли Голливуд актёри Кристиан Оливер ва унинг икки нафар – 10 ёшли Мадита ва 12 ёшли Анник исмли қизлари ҳамда учувчиси Роберт Сакс бор эди.
LiveБарчаси