Карантин вақти кўчада юрган болаларнинг ота-оналари жаримага тортилиши ростми?
Жамият
−
17 Март 2020
16376Ўзбекистонга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ортидан ижтимоий тармоқларда рост маълумотдан кўра, ёлғон ва асоссиз маълумотлар кўпроқ тарқала бошлади. Дўкон, автобус ва кўчаларда юрган болаларнинг ота-онаси жаримага тортилаётгани ҳақидаги хабар шулардан бири бўлди.
Мазкур хабарлар юзасидан берилган расмий хабарда болалар кўчада юргани учун ота-оналарнинг жаримага тортилаётгани ҳақидаги хабар асоссиз ва ёлғон экани айтилган.
Расмий маълумотда одамлар орасида ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги эслатиб ўтилган.
Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Франциядан келган бемор ва унинг тўрт нафар оиласи аъзоси, Париж-Тошкент рейсида келган яна бир йўловчида, Туркиядан қайтган икки кишида ва улардан бирининг бир нафар оила аъзоси, шунингдек Лондондан қайтган йўловчида коронавирус аниқланган.
Маълумот учун, дунё бўйича 182 764 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 7174 нафар бемор вафот этган, 79 884 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.