Карантин қоидаларига амал қилмаганларга қандай жавобгарлик белгиланган?
Бу қизиқ
−
18 Март 2021
9678Маълумки, Ўзбекистонга коронавирус кириб келгани муносабати билан 2020 йилнинг 16 мартидан буён карантин ва чеклов чоралари эълон қилинган. Мазкур чоралар касаллик қайд этилиш ҳолатлари ва умумий эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан баъзан кучайтирилиб, баъзан юмшатилиб турилибди.
Охирги кунларда мамлакатда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари яна ортмоқда. Биргина 17 март куни Ўзбекистонда 113 кишида коронавирус аниқланди. 16 мартдан эътиборан пойтахт Тошкентнинг Юнусобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларидаги барча умумий ўрта таълим мактаблари онлайн-таълим тартибига ўтказилди.
Айни вақтда Ўзбекистонда карантин ва чеклов тадбирлари бироз юмшатилган бўлишига қарамай, ҳамон ижтимоий масофа сақлаш, тозаликка риоя қилиш ва ниқобдан фойдаланиш асосий талаблар бўлиб қолмоқда. Шу ўринда эслаб ўтиш ўринли, хўш, ниқоб тақмаганлик ёки карантин чораларига риоя қилмаганлик учун қонунчиликда қандай тартиб белгиланган?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги 54-моддасида Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра:
карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш қоидалари киритилди.
Дарҳақиқат, МЖтКнинг 292-моддасида “Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш” белгиланган.
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.
Шоҳруҳ Олимжонов
ҳуқуқшунос
LiveБарчаси