Каннаваро ишга киришди, Кападзе эса кетишига ишора қилди – ЎФА ЖЧ-2026 олдидан илк жиддий қадамни ташлади
Спорт
−
07 Октябрь 10596 5 дақиқа
Бугун, 6 октябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси 2006 йилги Олтин тўп соҳиби ва жаҳон чемпиони, италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан миллий терма жамоа бош мураббийлиги борасида расман шартнома имзолади. Шу тариқа футбол жамоатчилиги анчадан буён муҳокама қилаётган мавзу қисман ёпилди. Бугуннинг ўзида оммавий ахборот воситалари учун мабуот анжумани ташкил этилиб, қолган муҳим саволларга жавоб берилди.
Матбуот анжуманида дастлаб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси медиа департаменти директори Даврон Файзиев сўзга чиқиб, футбол жамоатчилигида йиғилиб қолган саволларга жавоб берди. Хусусан, у олдинроқ оммавий ахборот воситаларида тарқалган бироқ, расман маълумот берилмаган айрим хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Шунингдек, тадбирда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Каннаваро миллий терма жамоага келишидан олдин урчиган миш-мишлар юзасидан ҳам расмий маълумот берди. Жумладан, у оммавий ахборот воситаларида италиялик мутахассиснинг маоши йилига 4 млн евро бўлиши ҳақидаги маълумотлар ёлғон эканини айтди. ЎФА мулозимининг сўзларига кўра, Каннаваро юқорида айтилган сумманинг ярмининг ярмини ҳам олмайди. Бироқ этика қоидалари ва бош мураббийнинг илтимосига биноан маошнинг аниқ суммаси ошкор қилинмайди.
Матбуот анжуманида миллий терма жамоанинг собиқ бош мураббийи, илк бор “оқ бўрилар” учун мундиал йўлланмасини ҳал қилишда катта роль ўйнаган Темур Кападзенинг жамоадаги келажаги борасида ҳам қисман маълумот берилди. ЎФА Каннаваронинг ёрдамчилари ва штаби борасида эълон қилган хабарда Кападзенинг исми қайд этилмаганди. Бироқ матбуот анжуманида у ёрдамчи мураббий лавозимида иштирок этди ва унинг ўзи бу лавозимда қанча пайт ишлаши фақат вақт масаласи эканини, аниқ келишув йўқлигини маълум қилди.
“Жамоага омад тилайман. Ўзбекистон терма жамоаларида 4 йилдан зиёд фаолият олиб бордим ва ўйлайманки, уни муносиб бажара олдим. Янги бош мураббийга муваффақият тилайман.
Ушбу ва кейинги ўқув-машғулот йиғинида жамоага ёрдам бераман қолганини вақт кўрсатади”, дейди Кападзе.
Қайд этиш жоиз, Каннаваро Ўзбекистонга келиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўлган пайтдаёқ Темур Кападзенинг ўзи ҳам бош мураббийлик лавозимда қолишга лойиқ экани, айнан унинг ўзи миллий терма жамоани АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтадиган мундиалга олиб бориши кераклиги ҳақида кўплаб фикрлар билдирилди. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов мазкур масалада ҳам футбол раҳбариятининг позициясини маълум қилди.
“Сречко Катанец бошчилигудаги жамоа билан Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилгач, шартнома муддати узайтирилиши кўзда тутилган эди. Бироқ бош мураббийнинг саломатлиги кутилмаганда ёмонлашди.
Унинг мураббийлар жамоаси эса академияда, турли терма жамоаларимизда фаолият юритишлари кутилмоқда.
Мураббий тайинлашда халқаро экспертлар, таҳлилчилар ва мураббийлар кенгаши томонидан доимий равишда ўрганишлар давом этди. Тимур Кападзенинг салоҳияти ва мураббийлик маҳоратига заррача шубҳа йўқ, унга нисбатан ҳурматсизлик қилинмади. Мақсадимиз биргаликда халқаро даражада ривожланишдан иборат.
Мақсадимиз ҳар куни ривожланиш, биз футболи ривожланаётган мамлакатлардан биримиз, тизимли равишда ишларимизни йўлга қўйиб олишимиз керак. Каннаваро келиши биланоқ, ёшлар жамоаларимиз мураббийлари билан кўришди, суҳбатлашди, таҳлилий ишларни бошлаб юборди, бу профессионализм. Ўз ишимизга танқидий ёндашиб, бугун кечагидан яхшироқ бўлишга интилишимиз керак”, дейди у.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Фабио Каннаваронинг ўзи ҳам журналистларнинг қатор саволларига жавоб қайтарди. Хусусан, у Ўзбекистонда узоқ муддат қолиш ниятида эканини айтиб, мамлакатга ҳатто велосипедини ҳам олиб келганини айтди.
“Мен 8 ёшимдан бери футболдаман, у мен биладиган ягона соҳа. Умид қиламанки, вақт ўтиб бундан-да ривожланамиз. Бир ой аввал бу ерга ташриф буюрдим. Ўшанда хазил тариқасида ишлашга тайёрлигимни айтгандим, бу эса амалга ошди. Албатта, футболчиларни ҳам кузатдим, лекин машғулотларда бу яққол намоён бўлади. Бугун футболчиларнбилан кўришдик, улар орасида итальянчада сўзлашадиганлари ҳам бор. Мураббий ва футболчилар коммуникацияси жуда муҳим. Тимур Кападзе билан ҳам йиғинга чақирилган футболчилар борасида гаплашдик. Маҳаллий мутахассислар штабда бўлиши тарафдориман, бу мен учун жуда катта ёрдам беради. Футболчилар менталитети, мамлакат маданиятини тез ўзлаштириш зарур, шу сабаб Равшан Эрматовдан бу ҳақда ўзим ҳам илтимос қилдим.
Суперлига ўйинларини ҳам кузатиб бораман, айтиб ўтганимдек, футболчиларни майдонда кузатиш энг яхши таассуротни беради. Мен жуда кўп “чемодан” билан келдим. Мақсадим бу ерда кўпроқ бўлиш, ҳатто велосипедимни ҳам олиб келдим, уни ҳайдашга вақтим бўладими, йўқми билмадим, лекин кўпроқ одамлар орасида бўлишни ёқтираман. Катта иштиёқ билан келдим, ёшлар ва ўсмирлар жамоаларининг ўйинларини ҳам кузатиб бораман, катта иштиёқ билан келдим.
Суперлига интенсивлигини ошириш керак, бу борада раҳбарият билан гаплашамиз. Ўйин давомида юқори темп билан қанча кўп ҳаракат қилсак, натижалар яхшилана бошлайди. Футболчилар тикланишлари ҳам жуда муҳим. Клублардаги мураббийлардан ҳам илтимос қилардик, футболчиларнинг кунлик, ҳафталик ёки ойлик кўрсаткичларини юборишса, шунда бизда уларнинг натижалари ўсяптими ёки аксинча билиш имкони бўлади. Жаҳон чемпионатидаги темп умуман бошқа даража, буни ишонч билан айта оламан.
Менга 7-8 та жойдан таклиф бор эди. Аввало жамоа мундиалга чиққанлиги, бу ердаги лойиҳанинг жиддийлиги мени таклифни қабул қилишга ундади. Жаҳон чемпионатида ўйнаш қийинми, ҳа, жуда қийин, бироқ ҳаракат қиламиз. Агар 8 ойда ҳам жамоа билан коммуникация ўрната олмасам, демак менда муаммо бор, деб ҳисоблаш мумкин”, дейди Каннаваро.
Қайд этиш жоиз, Каннаваро футболчи сифатида Италия терма жамоаси сафида 2006 йилги Жаҳон чемпионатида зафар қучган ва ўша йили энг яхши футболчи сифатида “Олтин тўп” совринини қўлга киритган, шунингдек, FIFA талқини бўйича “Йилнинг энг яхши футболчиси” соврини билан тақдирланган. Бош мураббий сифатида Хитой терма жамоасида, Саудия Арабистони, Италия ва Хорватия клубларида фаолият юритган. Бироқ катта натижалар қайд этмган. Каннаваро бош мураббий ўлароқ мақтанадиган натижаларга эриша олмаган бўлса-да, у Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун борини бериб ҳаракат қилишини айтмоқда. Албатта, футбол жамоатчилиги ва мухлислар ундан яхши натижа кутади. Хусусан, 2+3 шаклидаги шартнома 5 йилга чўзиладими ёки 2 йиллигича қоладими буни вақт кўрсатади.
Live
Барчаси