Канада Киевга Россия ҳудудида зирҳли техникасидан фойдаланишга рухсат берди
Олам
−
16 Август
4146Украина Россия Федерацияси ҳудудида Канада томонидан тақдим этилган танклар ва зирҳли транспорт воситаларидан эркин фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Канада Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб, CBC телеканали хабар берди.
“Украиналиклар ўз ватанларини қандай ҳимоя қилишни яхшироқ билишади ва биз уларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Канада Украинага топшираётган ҳарбий техникадан фойдаланишга географик чекловлар қўймайди”, дейди Мудофаа вазирлиги вакили.
Айтилишича, бу баёнот ҳарбий экспертларнинг Украина Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги ҳужумини қанча давом эттириши мумкинлиги ҳақидаги тахминлари фонида берилган.
Канада Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, Оттава Киевга саккизта Leopard 2А4 танки, ўнлаб зирҳли жанговар ёрдам машиналари ва юзлаб зирҳли патруль машиналари, шунингдек, бир қатор М-777 155 мм гаубицаларини юборган.
Шунингдек, кеча, 15 август куни CNN томонидан суратга олинган кадрда Канадада ишлаб чиқарилган ғилдиракли ҳарбий зирҳли машина Украина-Россия чегарасидан ўтаётганини кўриш мумкин.
Маълумот учун, Украина Қуролли кучлари жорий йилнинг 6 август кунидан бери Россия Федерациясининг Курск вилоятида кенг кўламли ҳужумни амалга оширмоқда. 9 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Курск губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 12 август куни 120 мингдан ортиқ одам эвакуация қилингани ёки ҳудудни тарк этганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден Киевга тақдим этилган F-16 самолётларидан узоқ масофага учириш мумкин бўлган, қўшма “ҳаво-ер” қанотли ракеталарини Украинага ўтказишга рози бўлгани хабар қилинганди.
Зебо Туробжонова