Камбағал оилалар аъзоларига субсидия ажратилади
Жамият
−
21 Январь
5985Камбағал оилалар аъзоларига қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун субсидия ажратилади. Бу ҳақда 17 январь куни қабул қилинган "2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, оғир тоифадаги 300 та маҳаллада кооперация асосида 180–500 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари барпо этилади.
2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар янги ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш кооперативлари учун ижтимоий солиқ ҳамда уларга ишга қабул қилинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади.
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда субсидиялар ажратилади.
Шунингдек, Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи негизида 2025 йил 1 декабргача креатив соҳалар кластери ташкил қилинади.
Касбий кўникмалар марказларида:
- 2025 йил 1 февралдан иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш тизими жорий этилади;
- 2025 йил 1 мартдан аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими йўлга қўйилади;
- 2025 йил 1 апрелдан 12 та янги касб йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 27 декабрь куни тасдиқланган “Фаол нуронийларни камбағал оилаларга бириктириш ҳамда маҳаллада соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этиш тартиби тўғрисида”ги низомда танлаб олинган нуронийларга яшаб турган жойи бўйича 5 тадан камбағал оила бириктирилиши белгиланганди. 13 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида эса 2025 йилда муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилиши айтилганди.
LiveБарчаси