Камбағал давлатнинг бойвачча раҳбари ёхуд Ким Чен Ин атрофидаги жумбоқли саволлар

Таҳлил

original (1)

Кеча, 8 январь куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 40 ёшга тўлди. Расмий равишда 8 январь давлат раҳбарининг туғилган куни ҳисобланади. Бироқ Ким Чен Ин таваллудининг аниқ санаси ҳалигача номаълум.

Бу Ким атрофидаги ягона сир эмас. BBC тайёрлаган ушбу мақолада 2011 йилда ҳокимият тепасига келган Шимолий Корея етакчиси ҳақидаги жавобсиз бешта савол келтирилган. 

1. Ким Чен Ин қачон туғилган?

Буни аниқ билиш қийин. Википедияга ишонадиган бўлсак Ким Чен Ин 1982 йилда туғилган. Аммо у 1983 ёки 1984 йилда туғилгани ҳақида ҳам тахминлар бор. 

“Унинг 1982, 1983 ёки 1984 йилларда туғилгани ҳақида кўп мунозаралар бор”, дейди Шимолий Корея бўйича мутахассис ва Оксфорд университетининг сиёсатшунослик бўйича ўқитувчиси доктор Эдвард Хауэлл BBC'га.

8 январь – Кимнинг тахминий туғилган куни Шимолий Кореяда ҳеч қандай тарзда нишонланмайди, бу оддий иш куни. Унинг отаси Ким Чен Ирнинг туғилган куни ҳар йили 16 февралда “Ёрқин юлдузлар куни” сифатида нишонланади. Унинг бобоси Ким Ир Сеннинг таваллуд топган куни 15 апрель куни ҳам Қуёш куни сифатида байрам қилинади.

 

Ким Чен Иннинг қариндошларига келсак, улар ҳақида жуда кам нарса маълум. Хауэллнинг айтишича, Кимнинг ака-укалари бор, улардан бири Ким Чен Нам 2017 йилда Малайзияда ўлдирилган.

Ким Чен Ин отасининг камида тўрт хотини борлиги тахмин қилинади, бироқ унинг оилавий муносабатлари кўп жиҳатдан жамоатчилик эътиборидан четда қолган. Ким Чен Иннинг онаси Ко Ён Хи Японияда туғилгани ва 1960 йилларда Шимолий Кореяга раққоса бўлиб ишлаш учун келгани тахмин қилинади. 2018 йилда Ко Ён Хининг 1973 йилда Японияга ташрифи чоғида олинган фотосуратлари топилган.

“Korea Times” газетасининг хабар беришича, Шимолий Корея раққоса сифатидаги карьераси ва япон тилидан келиб чиққанлиги сабабли расман Ко номини тилга олишдан қочган.

“Иккинчи жаҳон уруши пайтида Корея яримороли босиб олинганда Японияда туғилганлар одатда қуйи ижтимоий синфга кирган. Аммо у Ким Чен Ирга турмушга чиққанидан бери дабдабали ҳаёт кечирди”, дейди Хауэлл.

Шунингдек, Ким Чен Иннинг синглиси ҳам бор. Ким Ё Чжон дунёдаги энг хавфли аёл сиёсатчилардан бири саналади.

У Жанубий Корея ва АҚШ раҳбарлари билан учрашувларда ҳам иштирок этган. Шу билан бирга, у шу давлатларга кўп таҳдид қилиши билан ҳам танилган.

2. Ким Чен Иннинг рафиқаси ким?

BBC'га кўра, унинг Ри Сол Чжу исмли рафиқаси бор, лекин улар қачон турмуш қургани маълум эмас (бу 2009 йилда содир бўлган деб ишонилади). Ри Сол Чжу ҳақида жуда кам нарса маълум. Шунингдек, Ри Сол Чжу тадбирда чиқиш пайтида жаноб Кимнинг эътиборини тортган собиқ қўшиқчи бўлгани ҳақида ҳам гаплар мавжуд. Шимолий кореялик бундай исмли ижрочи бор, лекин у бир хил шахс экани ҳеч қачон расман тасдиқланмаган.

Баъзи разведка маълумотларига кўра, Ри Сол Чжу 2005 йилда Шимолий Кореянинг енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида қатнашадиган қувноқлар жамоаси таркибида Жанубий Кореяга ташриф буюрган ва Хитойда қўшиқчилик бўйича таҳсил олган.

3. Ким Чен Иннинг нечта фарзанди бор?

Буни аниқ айтиш қийин. Ри Сол Чжунинг ҳомиладорлиги ҳақидаги миш-мишлар 2016 йилда у омма эътиборидан ғойиб бўлганидан кейин бошланган. Буни ҳеч ким расман тасдиқламаган. Унинг олдинги икки фарзанди 2010 ва 2013 йилларда туғилган, деб ишонилади, аммо улар ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Улар орасида потенциал меросхўр бор-йўқлиги ҳам номаълум.

Шимолий Корея етакчиси қизи Ким Чжу Э билан омма олдида кўп кўриниш беради. У тахминан 10 ёшда.

“Унинг бошқа болалари бор, лекин улар ҳақида жуда кам нарса маълум. Биз уларнинг оналари кимлигини билмаймиз”, дея қўшимча қилган эксперт.

Айнан унинг шу фарзанди ушбу давлатнинг бўлажак раҳбари сифатида кўрилади. Масалан, Корея Республикаси Миллий разведка хизмати директори лавозимига номзод Чо Чхе Ён Шимолий Кореа раҳбарининг қизи Ким Чжу Эни Шимолий Корея етакчисининг ўрнига тайёрланаётганини айтиб чиққанди.

Кўпгина таҳлилчиларнинг фикридан фарқли ўлароқ, доктор Хауэлл Ким Чжу Э Кимнинг вориси этиб тайинланишига ишонмайди.

“У ҳали ёш ва Ким Чен Иннинг қудратли синглиси Ким Ё Чжон кўпроқ тажриба ва элита билан алоқага эга, бу эса уни акасининг ўрнини эгаллаши имконини оширади”, дейди Хауэлл.

4. Мамлакат қашшоқ бўлса-да, Ким Чен Ин қандай қилиб дабдабада яшайди?

Шимолий Корея узоқ йиллардан бери Пхеньян ядро қуроли ва баллистик ракеталарни ишлаб чиқаргани учун БМТ ва Ғарбнинг қаттиқ санкциялари остида яшаб келмоқда.

Хауэллнинг сўзларига кўра, Ким Чен Ин санкцияларни четлаб ўтиш учун қўлидан келганини қилмоқда.

“Мамлакатда махсус режим томонидан фойдаланиш учун мўлжалланган пул фонди мавжуд. Ким бу фондни сақлаб қолмоқчи, чунки у ўзи ва оиласи ҳашаматли ҳаёт тарзидан маҳрум бўлишини хоҳламайди”, дейди Хауэлл.

Унинг айтишича, дунёда Шимолий Кореяга пул беришга тайёр бўлган бутун бир давлат тармоғи мавжуд. Тахминларга кўра, Шимолий Корея бошқа йўллар билан маблағ олиши мумкин.

 “Одамлар кўпинча Шимолий Кореяни интернетга эга бўлмаган яккаланган мамлакат, деб ўйлашади. Аммо Шимолий Корея давлатга тегишли интернетга эга ва киберҳужум муҳим стратегияга айланди: Ким режими ўз иқтисодиёти ва ядровий дастурини қўллаб-қувватлаш учун пул ўғирлаш мақсадида бошқа мамлакатларнинг компьютер тизимларига бузиб киради”, дейди доктор Хауэлл.

5. Ким Чен Ин ўз халқи ҳақида қайғурадими?

Шимолий Кореяда Ким Чен Ин қиёфасида халқнинг ғамхўр отаси образи яратилган.

"2020 йилги ҳарбий параддаги нутқ бизга Шимолий Корея етакчисининг бошқа томонларини кўрсатди. У ўз аскарларига пандемия ва яқинда юз берган табиий офатларга қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди. Бир пайт у мамлакатдаги қийинчиликлар ҳақида гапириб, кўз ёш тўкди. Бу Ким Чен Иннинг камдан-кам ҳиссиётини кўрсатиши”, дейилади мақолада.

Баъзи кузатувчилар, мамлакат иқтисодий инқирозга юз тутаётган бир пайтда у камтарлик кўрсатишга уринаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аммо диққат билан қарасангиз, бу ҳақда жуда кам далиллар бор. Ким Чен Ин бобоси Ким Ир Сен бошлаган ҳашаматли поездларда узоқ масофаларга саёҳат қилиш анъанасини давом эттирмоқда.

2001 йилда Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ирга поездда сафарда ҳамроҳлик қилган россиялик ҳарбий етакчи Константин Пуликовский ўзининг “Восточный экспресс” хотира китобида қизиқ маълумотни келтирган.

“Сиз поездда рус, хитой, корейс, япон ва француз ошхоналарининг исталган таомига буюртма беришингиз мумкин”, деб ёзган у.

Ушбу ҳашаматли транспорт турлари, шу жумладан хусусий самолётлар Шимолий Кореянинг аксарият аҳолисининг қашшоқлигидан кескин фарқ қилади.

Шимолий кореяликларнинг BBC'га айтишича, озиқ-овқат шунчалик тақчилки, улар очликдан қурбон бўляпти. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатдаги вазият 1990 йиллардан бери кўрган ҳамма нарсадан ҳам ёмонроқ.

“У нафақат ўз режимини, балки деспотик ва золим ҳокимиятини ҳам сақлаб қолмоқчи. У ўз мамлакатидаги 26 миллион аҳолининг тақдири билан қизиқмаса керак”, дейди Хауэлл.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг