“Каллани ишлатайлик!” Тўқаев АҚШнинг бож сиёсати янги имкониятлар очаётганини айтди
Олам
−
21 Май 7273 3 дақиқа
Америка Қўшма Штатларининг янги маъмурияти томонидан қўлланилаётган тариф сиёсати нафақат ўзгаришлар ва чекловлар, балки имкониятлар ва ечимларга ҳам замин яратади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 21 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммитидаги нутқида сўз очди.
Қозоғистон раҳбари сўнгги тариф сиёсатидаги тартиблар муносабати билан жиддий ўзгаришлар рўй бераётган жаҳон савдосидаги вазиятга тўхталди. У бундай ҳолатлар ҳам қийинчиликлар, ҳам янги имкониятлар туғдираётганини эслатиб, қийинчиликларни енгиш учун саноат, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш каби муҳим тармоқлардаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф қилди.
Тўқаев Ўрта йўлакни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги транспорт кўпригига айлантиришни стратегик вазифа деб атади.
“Қозоғистон Қирғизистон ва Ўзбекистон билан чегаралардаги тартибларни рақамлаштириш, транзитни соддалаштириш ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, жумладан, Хитой билан чегарада учинчи темир йўл назорат пунктини очиш бўйича чоралар кўрмоқда”, дейди у.
Қозоғистон Президенти бирлашган ҳудудий ҳамжамият таркибига кирувчи мамлакатларни йирик инфратузилма лойиҳаларини, жумладан, Туркий минтақанинг асосий транзит хаб сифатидаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлайдиган Шимол-Жануб йўналишидаги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга чақирди.
Президент шунингдек, нефть, газ, уран ва бошқа товарларни етказиб бериш занжирларини диверсификация қилиш учун Ташкилот салоҳиятидан фойдаланиш зарурлигини урғулади. У Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга Қозоғистоннинг Европага нефть экспортини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари, давлат раҳбари сўнгги пайтларда халқаро экспертлар Транскаспий нефт-газ қувурини қуриш ташаббусини муҳокама қилаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бундай йирик лойиҳалар трансмиллий даражада мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қилади.
Эслатиб ўтамиз, биринчи марта Европада – Будапешт шаҳрида ўтказилган Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Президентлари ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий саммитида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан , Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ТДТ Бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев қатнашди. Йиғинда ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган яна икки давлат – Туркманистон ва Шимолий Кипр Турк Республикасидан расмийлар иштирок этмади.
АҚШнинг бож сиёсати
Жорий йилнинг 2 апрель куни Оқ уй импорт божлари бўйича янги тизим жорий қилган эди. Барча импорт қилинадиган маҳсулотлар учун асосий бож ставкаси 10 фоиз этиб белгиланган, аммо айрим давлатлар учун бу ставкалар анча юқори: Хитой учун 34 фоиз, Вьетнам учун 46 фоиз, Европа Иттифоқи учун эса 20 фоиз.
Кейинроқ АҚШ Президенти Хитой маҳсулотларига нисбатан божларни 125 фоизгача оширишини эълон қилди. Бунга жавобан Пекин АҚШдан олиб кириладиган маҳсулотларга 84 фоизлик бож жорий этди ва улар кучга кирди.
Шундан сўнг, Дональд Трамп тахминан 60 мамлакатдан импорт бўйича бож ставкаларини 90 кунга кечиктиришга қарор қилди. Бу даврда 10 фоизлик умумий божлар ва илгари киритилган 25 фоизлик автомобиль, пўлат ва алюминий импорти бўйича божлар амалда қолади. Бироқ 10 апрель куни АҚШ Хитой маҳсулотларига божлари даражасини 145 фоизга кўтарди.
Жорий йилнинг 12 май куни Америка Қўшма Штатлари ва Хитой баъзи ўзаро тарифларни 90 кунга тўхтатишга келишиб олди. Бундан ташқари, томонлар ўзаро божларни 115 фоизгача камайтириш бўйича келишувга эришган.
Live
Барчаси