Кадрларни танлаш ва уларни тақсимлаш тизими ўзини оқламади – Сайёра Хўжаева Президентга хат ёзди

Жамият

image

Охирги 10 кунликда Ўзбекистонда “снос”лар масаласи долзарб бўлиб турибди. Бунга Хоразм, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидаги ҳолатлар сабаб бўлгани кўпчиликка маълум. 

Ўзбекистон Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ушбу масалада очиқ хат йўллади. Мактуб матни унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирилди. У мамлакатдаги юқори лавозимларга кадрларни танлаш сиёсати ўзини оқламаганини айтиб, “Давлат хизматчилари тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишга эҳтиёж борлигини қайд қилган. 

“Сўнгги икки-уч кун мамлакатимиз кадрлар сиёсатидаги бўшлиқларни яна бир бор намойиш этди. Нима дейишингиздан қатъи назар, “кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади” деган машҳур ибора бугун ҳам, эртага ва ҳар доим ҳам долзарб бўлади. Сизнинг мансабдор шахсларга айтган гапларингиз шундан далолат берадики, ҳозирга қадар амалда бўлган кадрларни танлаш ва уларни тақсимлаш тизими ўзини оқламади ҳамда “Давлат хизматчилари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилиш вақти келди”, дейди Хўжаева. 

Сайёра Хўжаева ўз мактубида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Президент командасида бўлгани учун ҳам одамлар уларга бўйсунганини айтади:

“Учала ҳоким, “снос”лар билан боғлиқ сўнгги воқеалар “қаҳрамонлари”ни сиз узоқ вақтдан бери танигансиз ва уларга ишонгансиз. Ҳокимлар сизнинг одамларингиз экани ва ҳамма уларга бўйсуниши кераклиги ҳақидаги сўзларингиз барчанинг ёдида. Тан олиш керакки, улар сизнинг ишончингизни оқламади, аксинча, ўзининг хатти-ҳаракати билан сиз, сизнинг сиёсатингизга панд берди ҳамда дунё ҳамжамияти олдида давлат ҳокимиятини обрўсизлантирди. Фуқаролар Шуҳрат Ғаниев, Фарҳод Эрманов ва бошқа айрим ҳокимларнинг қонунга риоя қилмаслик, қўпол, баъзан сурбетларча хатти-ҳаракатларидан шикоят қилди. Аммо, маълумки, жавобгарликнинг йўқлиги ўзбошимчаликка олиб келади. Мен фуқаролик жамиятининг вакилиман, биз сиз ва сизнинг ислоҳотларингизга ишонамиз. Бугун эришган барча ютуқларимизни санаб ўтирмайман, бунинг учун сизга миннатдормиз”.

Сайёра Хўжаева ёшлар орасида раҳбарлик лавозимларига тайинлашга лойиқ ёшлар кўплигини айтган.

“Сизга чексиз ишонаётган халқаро ҳамжамият ҳам жиддий ўзгаришлар, жумладан, кадрлар сиёсатида катта ўзгаришларни кутмоқда. Иқтидорли ёшлар жуда кўп. Аммо стереотиплар уларни илгари суришга тўсқинлик қиляпти. Сизнинг атрофингиздаги шахслар асосан “ўз одамлари”ни юқори лавозимларга олиб чиқмоқда, сизга ишонадиган ҳамда Ўзбекистон энг илғор давлатлар қаторига киришини истайдиган ҳақиқий ватанпарварлар тарихдан четда қолмоқда”, дейди Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори.


Мақола муаллифи

Теглар

Сайёра Хўжаева

Баҳолаганлар

158

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг