Қуронбоев бошчилигидаги Комиссия Россияга бориб, мигрантлар аҳволини ўрганяпти
Жамият
−
10 Октябрь 2023
7096
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси Россияда бўлиб, у ерда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирларга яратилган шароитлар билан танишмоқда. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги Комиссия аъзолари 9-20 октбярь кунлари Россияда бўлади.
“Айни пайтда, Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги комиссия аъзолари Новосибирск шаҳрида истиқомат қиладиган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган ётоқхоналарда бўлиб, у ерда ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар жараёнида ётоқхонада истиқомат қиладиган 62 нафар ҳамюртларимиз билан билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилиб, қолганлари ишлаб чиқиладиган йўл харитага қўшишга келишиб олинди”, деб ёзган Алишер Саъдуллаев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Унинг билдиришича, маълум вақт, атрофлича ўрганишни тақозо этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5-7 октябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россияда бўлиб, Президент Владимир Путин билан учрашди ва музокаралар якунида 11 та ҳужжат имзолади. Музокаралардан сўнг Президент Шавкат Мирзиёевнинг журналистларга маълум қилишича, Ўзбекистон ва Россия ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун ижтимоий кафолатлар тўғрисидаги битимни тайёрлашни тезлаштиришни режалаштирмоқда.
Ўзбекистоннинг тегишли идоралари маълумотларига кўра, ҳозирда хорижда доимий асосда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 2 миллион кишидан ошади, уларнинг 60 фоиздан ортиғи Россия Федерациясида меҳнат қилади. Марказий банки маълумотларига кўра, ўтган йили меҳнат муҳожирлари ўз ватанларига 20 миллиард долларга яқин пул ўтказган, Ўзбекистонга ўтказмаларнинг 80 фоиздан ортиғи Россиядан келган.
Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти катта илмий ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Станислав Притчинга кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан ривожланиши Россияга меҳнат муҳожирлари сонининг камайишига олиб келмайди, аксинча, буёғига Россияда ўзбекистонлик мигрантлар кўпайса кўпаядики, камаймайди.
“Бу Россияга миграция оқимига жиддий таъсир қилади, деб ўйламайман. Аҳоли сони бўйича Ўзбекистон шу қадар тез ўсиб бормоқдаки, ички муҳожирлар етарли, хорижга ишлаш учун бориш зарурати юқорилигича қолмоқда. Шундай экан, Ўзбекистоннинг ривожланиши Россияга бўлаётган ҳозирги миграция жараёнларига жиддий таъсир кўрсатмаслиги керак”, дейди Станислав Притчин.
LiveБарчаси