Қўқонлик табиб иши бўйича суд қарори ўзгаришсиз қолди
3-саҳифа
−
26 Декабрь 2025 13704 2 дақиқа
Аввалроқ, фарғоналик табиб Иқбол Солиевнинг Ўзбекистон Халқ табобати ассоциацияси томонидан берилган гувоҳнома муддати тугаганига қарамай, ноқонуний фаолият юритиб келаётгани аниқлангани ва суд қарори билан унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилгани ҳақида хабар берилган эди. Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг жорий йил 20 декабрь кунги қарори билан Иқбол Солиевни 10 суткага қамаш ҳақидаги суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда адвокат Беҳзодбек Ғаниев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузар Иқбол Солиевнинг адвокати билан биргаликда келтирган апелляция шикояти қаноатлантирилмаган. Шикоятда ҳуқуқбузарлик содир этилмагани ҳақида важлар келтирилиб, ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасининг (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-қисми тартибида тугатиш сўралган.
Апелляция инстанцияси қарорига кўра, халқ табобати усулида тиббий хизмат кўрсатиш учун лицензия талаб қилинади, Иқбол Солиевнинг Халқ табобати аъзоси экани ҳақидаги гувоҳномаси лицензия ҳисобланмайди, Ўзбекистон Халқ табобати ассоциацияси мазкур фаолият бўйича лицензия беришга ваколатли орган эмас, ушбу гувоҳнома Иқбол Солиевга халқ табобати усулида тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқини бермайди.
Унинг шикоятида келтирилишича, ижтимоий тармоқларга видеоконтентларни ўзи эмас, бошқалар жойлаган. Бироқ You tube видеоҳостинги ва Telegram мессенджеридаги “Бионур сохиби” номли каналлардаги ҳамда Instagram ижтимоий тармоғидаги “ikbol.saliyev” номли профилга унинг фаолияти юзасидан видеотасвирлар жойлангани, Иқбол Солиев ушбу каналлар ва профилда ўз мурожаатларини эълон қилгани, алоқа учун ўз абонент рақамларини қолдиргани учун унинг шикояти рад қилинган. Булар Иқбол Солиевнинг видеоматериалларни интернет орқали эълон қилишда иштирок этганини тасдиқлайди.
Онлайн кузатувга кўра, апелляция инстанциясининг жорий йил 20 декабрь кунги қарорига нисбатан ҳозирча тафтиш тартибида шикоят келтирилмаган.
Live
Барчаси