Қозондаги 15 та мактабда ўқувчилар портлаш ҳақидаги хабарлардан сўнг эвакуация қилинди

Олам 3282
image
-

Бугун, 15 май куни Қозон шаҳридаги бир қатор мактабларнинг ўқувчилари ва ходимлари мактабларга портловчи қурилмалар жойлаштирилганги ҳақидаги хабарлардан сўнг эвакуация қилинди. Бу ҳақда Татаристон пойтахти мэрияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Шаҳарда мактабларни эвакуация қилиш тўғрисида хабарлар тарқалди. Мактабларнинг ҳар бирида хабарларни текширадиган махсус хизматлар ишламоқда. Барча болалар ва ходимлар зудлик билан эвакуация қилинди”, дейилади хабарида.

“Интерфакс” манбасига кўра, шаҳардаги 15 мактаб эвакуация қилинган.

Қозон фожиаси

Эслатиб ўтамиз, 11 май куни Россиянинг Қозон шаҳридаги мактаблардан бирида аввал отишма, кейин эса портлаш юз берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, мактабдаги отишмада ҳозиргача 11 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлардан икки нафари қочиш учун учинчи қават ойнасидан сакраши натижасида ўлган.

ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, отишмани икки нафар йигит содир этган. Уларнинг бири 17 ёшда ва у қўлга олинган. 19 ёшли бошқа бир бузғунчи одамларни гаровга олгани учун йўқ қилинган.

Аммо Татаристон ИИВ ҳужум қилган шахс ёлғиз бўлганини эълон қилди. Террорист 19 ёшли Ильназ Галявиев бўлган, унинг номига қурол расмийлаштирилган.

Россия Президенти мамлакат Бош вазири Михаил Мишустин, унинг ўринбосари Татьяна Голикова ва ФВВ раҳбари Евгений Зиничев билан мулоқот қилди.

Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Таълим вазири Сергей Кравцов ва Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко фавқулодда ҳодиса жойига жўнаб етган. Путин шунингдек, ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар оиласига ёрдам кўрсатишни буюрган. 

Путин ҳодиса юзасидан марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

12 май куни Татаристонда мотам куни деб эълон қилинди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 69
Рейтинг: 2.8
Теглар
t
×