Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси хитой-ўзбек вакцинаси билан эмланди

Жамият

image

Кеча, 1 март куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалдини қабул қилди. Томонлар Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бу борада ҳамкорликни кучайтириш масаласини муҳокама қилдилар.

Вазир Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида амалга оширилаётган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг синов жараёнлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ва Хитой фармкомпанияси билан уч томонлама меморандум доирасидаги III фаза синовларида мазкур вакцинанинг хавфсизлиги юқори баҳоланганини қайд этди.

Бугунги кунга келиб 6836 нафар кўнгилли вакцинанинг 1-дозаси, 4453 нафар кўнгилли вакцинанинг 2-дозаси ва 283 нафар кўнгилли 3-доза билан эмланди. Ушбу синовда қатнашган фуқароларнинг 6 нафаридагина озроқ ножўя таъсир – аллергик реакция кузатилди. Таъкидланишича, бу 0,01 фоиз бўлиб, вакцинанинг хавфсизлигидан далолат беради.

Дархан Сатибалди Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 янги рекомбинант вакцина синовлари муваффақиятли ўтаётгани билан қутлади. Шунингдек, ушбу вакцина борасида Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ҳам материаллар берилаётгани ҳақида гапирди. Элчи Ўзбекистон-Хитой вакцинасини Қозоғистонга ҳам етказиш масаласини муҳокама қилиш бўйича таклиф тайёрлашини билдирди.

Суҳбат якунлангач, Қозоғистон элчиси Дархан Сатибалди ва икки нафар Қозоғистон элчихонаси ходими ZF-UZ-VAC2001 вакцинанинг 1-дозаси билан эмланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Қозоғистон вакцина

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг