Қозоғистоннинг BRICS’га қўшилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта – ТИВ 

Олам

image

Қозоғистон BRICS давлатлари (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка) билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, бироқ республика ушбу ташкилотнинг тўлиқ аъзоси мақомини олиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.

"Қозоғистон BRICS мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Гуруҳнинг икки аъзоси – Россия ва Хитой Қозоғистоннинг қўшниси ҳамда энг яқин сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлари ҳисобланади. Ҳиндистон билан ҳам стратегик шериклик ўрнатилган", дейди Смадияров.

Унинг қайд этишича, янги савдо йўлларини барпо этиш ва Қозоғистон иқтисодиётини диверсификация қилиш мақсадида ўз қитъаларининг иқтисодий етакчиси бўлган Жанубий Африка Республикаси ва Бразилия билан ўзаро манфаатли мулоқотлар йўлга қўйилмоқда.

"Қозоғистоннинг BRICS’га аъзо бўлиши мумкинлигига келсак, шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирча ушбу блокнинг кенгайтириш мезонлари ва механизми ишлаб чиқилмаган. Шу боис мамлакатимизнинг тўлақонли BRICS аъзоси мақомини олиши ҳақида гапиришга ҳали эрта”, деб тушунтирган ТИВ расмий вакили.

Маълумот учун, Жанубий Африка Республикаси Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Наледи Пандор 23 давлат, жумладан, Қозоғистон ҳам BRICS’га қўшилиш учун расмий ариза топширганини билдирган. BRICS’ни кенгайтириш масаласи 22-24 август кунлари Йоханнесбургда Жанубий Африка раислигида бўлиб ўтадиган саммитда муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bloomberg” агентлиги ҳукуматдаги манбаларга таяниб, Ҳиндистон ва Бразилия BRICS’нинг кенгайишига қарши экани ҳақида хабар берган эди. Бироқ орадан кўп ўтмай икки давлат расмийлари ҳам буни рад этди. Нью-Деҳлидаги ImagIndia Institute таҳлил маркази президенти Робиндер Сачдев эса BRICS ташкилоти 20 аъзога қадар кенгайиши ва "Шарқда пайдо бўлган" Йигирмалик Гуруҳига (G20) айланишини прогноз қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг