Қозоғистонликлар пойтахт номини ўзгартиришга қарши петиция эълон қилди

Олам

image

Аввалроқ, Қозоғистон Парламенти мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг пойтахт Остона шаҳрини Нур-Султон деб ўзгартириш таклифини қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар берган эдик.

Парламент қароридан кейин Қозоғистонликлар мамлакат пойтахти Остона шаҳрининг номини ўзгартиришни қораловчи петицияни эълон қилди. Тармоқларда тарқалган жамоавий мурожаат икки кун ичида 42 мингдан ортиқ овоз тўплади.

Петиция муаллифлари президент Қосим-Жомарт Тоқаев, Парламент ва етакчи “Нур Отан” партияси аъзоларидан пойтахт номини қонуний тарзда халқ билан муҳокама қилмасдан ўзгартирмасликни талаб қиляпти. 

Мурожаатда пойтахт номини ўзгартирмаслик учун уч сабаб келтирилган:

1. Таълим, тиббиёт, ижтимоий ёрдам ва бошқа соҳаларда молиявий етишмовчилик мавжуд бўлиб турганда, пойтахт номини ўзгартириш яна кўплаб маблағ талаб қилади. Оддий ёзувларни алмаштиришдан тортиб, навигацион тизимлар ва халқаро шартномаларда пойтахт номини ўзгартириш бюджетдан кўплаб маблағ талаб қилади.

2. Остона шунчаки шаҳар эмас, балки пойтахт кўчирилгандан кейин (1997 йил 10 декабргача Қозоғистон пойтахти Олма ота шаҳри бўлган) яқин-яқиндан халқаро аренада танила бошлаган бренд ҳамдир.

3. Пойтахт номини ўзгартириш бутун халқ муҳокамасидан ўтиши керак бўлган муҳим масала. Қарор адолатли ва очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниши керак.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 март куни Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққач, унинг ўрнини Сенат раиси Қосим-Жомарт Тоқаев эгаллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон петиция Остона

Баҳолаганлар

128

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг