Қозоғистондаги ёнғинда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Олам
−
30 Ноябрь 2023
4686Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги ҳостелда содир бўлган ёнғинда икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам қурбон бўлди. Бу ҳақда Олмаота полиция департаменти хабар берди.
Департамент ҳостелдаги ёнғин оқибатида ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланганини маълум қилди.
“Вафот этган 13 кишидан тўрт нафари хорижлик. Россия Федерацияси фуқаролари – икки киши, яна икки нафар Ўзбекистон фуқароси, шунингдек, тўққиз нафар Қозоғистон фуқароси. Суд-тиббий экспертиза тайинланди”, дейилади департамент хабарида.
Ёнғин ортидан фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 ноябрь куни соат 05:33 атрофида Олмаота шаҳрининг Ади Шарипов кўчасида жойлашган бинода ёнғин чиқди. Фавқулодда вазият вақтида ичкарида 72 киши бўлган. Уларнинг аксарияти эвакуация қилинган. Қутқарувчилар етиб келгач, 13 кишининг жасади топилган. Шунингдек, икки киши шифохонага етказилган. Дастлабки тахминларга кўра, қурбон бўлганлар карбон моноксит (ис гази)дан заҳарланиш оқибатида вафот этган бўлиши мумкин.
Ёнғин содир бўлган ҳудудга ўт ўчириш хизматининг 46 нафар ходими ва Олмаота Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 13 та техникаси жалб қилинган.
Ёнғин ва ўлим сабаблари аниқланмоқда.
LiveБарчаси