Қозоғистондаги ўзбек мигрантларига ёрдам кўрсатилди
Жамият
−
14 Сентябрь 2023
4073UNICEF’нинг “Миграция жараёнларида болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида Қозоғистондаги Ўзбекистон фуқаролари учун хайрия тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
Хайрия тадбири Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консуллиги биносида “Родник” жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган. Унда чет эллардаги фуқароларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва мураккаб вазиятларда уларга зарур ёрдам кўрсатиш юзасидан Ўзбекистон ҳукумати юритаётган сиёсат ҳақидаги сўз борди.
Тадбир чоғида ишсизлиги туфайли мушкул аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат беш оилага ва ўн нафар болаларга 800 АҚШ доллари миқдоридаги гуманитар ёрдам - ўқув қуроллари, китоблар, гигиена ва антисептик воситалари топширилган.
Шунингдек, “Родник” жамоат фонди вакиллари Бош консулликка инсонпарварлик тадбирини амалга оширишда бераётган кўмаги учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган 8 ой ичида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ҳозирда Россияда бўлган 1 минг 37 нафар одам ишга жойлаштирилди. Меҳнат мигрантларининг 8 минг 6 нафарига ижтимоий, 1 минг 993 тасига эса моддий ёрдам кўрсатилган.
LiveБарчаси