Қозоғистонда тиббиёт ходимларини калтаклаганлик учун жиноий жазо жорий этилади
Олам
−
16:22
945Тиббиёт соҳаси ходимлари хизмат вазифаларини бажариш чоғида уларга нисбатан содир этилган жиноятларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши керак. Бу ҳақда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Альназарова маълум қилди.
“Тиббиёт ходимларининг меҳнат фаолияти давомида ўз соғлиғини хавф остига қўйиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Яқинда Қўстанайда тез тиббий ёрдам фельдшерига ҳужум уюштирилди. Чақирувга асосан келган ёш ишчи Анел Баймурзина олган жароҳатлари ортидан касалхонага ётқизилди”, дея ёзган вазир.
Шу билан бирга, вазир шошилинч тиббий ёрдам ходимлари инсон ҳаётининг энг хавфли даврида ёрдамга келганда, ўзининг ҳаёти ҳақида ўйлашга вақти йўқлигини ҳам таъкидлаган.
Акмарал Альназарова тақдим этган маълумотларга кўра, 2019-2023 йилларда Қозоғистонда 158 нафар тиббиёт ходими хизмат вазифаларини бажариш чоғида тан жароҳати олган.
Унинг қўшимча қилишича, тиббиёт ходимларига хизмат вазифаларини бажариш чоғида содир этилган босқин ва зўравонлик ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликни жорий этиш таклифи депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган.
“Бундай ҳаракатлар адолатли жазоланиши, жумладан, эркинликни чеклаш ва жамоатчилик томонидан қораланиши керак”, деган вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 26 ёшли йигит чақирув бўйича келган тез тиббий ёрдам шифокорини калтаклаганди. Шифокор оғриқни қолдириш учун фельдшерга оғриқ қолдирувчи дори воситасини шприцга тортиб тахлашини айтган. Шу вақтда шифокор беморга қўшимча касалликлари бўйича саволлар берган, бемор эса шифокорга қараб “сан кимсан, ишингни тезроқ қил” деган ва ўрнидан туриб, тўсатдан шифокорнинг юзига мушт билан урган. Шифокорнинг лаби ва пастки жағ соҳасидан қон кетишни бошлаган ва бироз вақтга шифокорда карахтлик ҳолати кузатилган. Ҳолат бўйича ҳудудий профилактика инспекторига хабар берилган.