Қозоғистонда куч ишлатар тизимларга вазирлар қайта тайинланди
Олам
−
10:36 526 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ержон Саденовни мамлакат Ички ишлар вазири, Даврон Косановни эса Мудофаа вазири лавозимига қайта тайинлади. Бу ҳақда “24.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари тегишли фармонларни имзолаган. Шу тариқа, Ержон Саденов ва Даврон Косанов Қозоғистоннинг икки куч ишлатар тизимига раҳбарлик қилишда давом этади.
Маълумот учун, Ержон Саденов 2023 йил сентябридан буён Қозоғистон Ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келмоқда. У 1993 йилда С. Аманжолов номидаги Шарқий Қозоғистон давлат университетини, 1998 йилда эса Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Қарағанда олий мактабини тамомлаган.
Саденов Ички ишлар тизимида фаолиятини Шарқий Қозоғистон вилоятида бошлаган. 2009–2022 йилларда у транспортдаги Ички ишлар департаменти, Манғистау ва Ақмола вилоятлари ҳамда Нур-Султон шаҳри полиция департаментларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Даврон Косанов эса 2025 йил июнидан бери Қозоғистон Мудофаа вазири лавозимида ишлаб келмоқда. У 1969 йил 14 октябрда Павлодар вилоятида туғилган.
Косанов Армавир олий ҳарбий авиация учувчилар билим юрти, Юрий Гагарин номидаги Ҳарбий-ҳаво академияси ҳамда Россия Қуролли кучлари Бош штаби ҳарбий академиясини тамомлаган. У ҳарбий хизматини қирувчи учувчи сифатида бошлаган. Кейинчалик Талдиқўрғон ва Чимкент шаҳарларидаги авиабазаларга қўмондонлик қилган.
2013 йилдан Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳаво мудофааси кучларига қўмондонлик қилган Косанов 2022 йил декабридан Бош қўмондон лавозимида ишлаган. 2024 йил сентябрда Мудофаа вазири ўринбосари – Ҳаво мудофааси кучлари бош қўмондони этиб тайинланган.
Қозоғистондаги ушбу тайинловлар ҳукумат таркиби янгиланаётган даврга тўғри келди. Мамлакатда янги парламент – Қурултой сайланганидан кейин аввалги ҳукумат истеъфога чиққан, 31 август куни эса Олжас Бектенов бош вазир лавозимига қайта тайинланган эди.
Шу билан бирга, Қозоғистоннинг янги Конституциясига кўра, Мудофаа ва Ички ишлар вазирлари алоҳида мақомга эга бўлиб, уларни Президент мустақил равишда тайинлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Адолат” партияси раҳбари Ойбек Дадабой номзодини янги тузилган Қурултой раиси лавозимига таклиф қилганди ва депутатлар уни яширин овоз беришда бир овоздан қўллаб-қувватлаганди.
Live
Барчаси