Асқар Мамин Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришга старт берди
Олам
−
21 Декабрь 2020
3482Қозоғистоннинг Қорағанда вилоятида Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакциналарини ишлаб чиқариш бошланди. Бу ҳақда мамлакат Ҳукумати порталида хабар қилинган.
Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин вакцина ишлаб чиқаришга старт бериш учун Қорағанда фармацевтика мажмуасига борган. Мажмуа базасида босқичма-босқич 2 млн доза вакцина ишлаб чиқариш режалаштирилган.
“Қозоғистонда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинаси билан оммавий эмлаш 2021 йилнинг февралида бошланади. Биринчи ўринда тиббиёт ходимлари, педагоглар, талабалар, ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари, тиббий-ижтимоий муассасалар ходимлари ҳамда хавф гуруҳига кирувчи сурункали касаллиги бор одамлар ихтиёрийлик асосида эмланади”, деган Бош вазир Мамин.
Ҳукумат раҳбари “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан коронавирусга қарши Россия вакцинасини ишлаб чиқарадиган завод қуриш тўғрисида келишувга эришганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь