Қозоғистонда қолиб кетган 50 дан ортиқ ўзбекистонлик эвакуация қилинди
Жамият
−
25 Февраль 2023
7882Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида юк ва йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши ва автобуслардаги носозлик сабаб йўлларда қолиб кетган 50 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, кеча, 24 февраль куни соат 22:50 да Самара-Чимкент автомобиль йўлининг 964-километрида Yutong русумли йўловчи автобусидаги 41 нафар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароси вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан эвакуация қилиниб, Қорабутак қишлоғидаги иссиқлик пунктига олиб кетилган.
Шунингдек, бугун, 25 февраль куни соат 04:05 да Ақтўбе шаҳрида Чимкент-Москва йўналишида ҳаракатланаётган Sentra русумли автобусда техник носозлик юзага келганлиги сабабли Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 54 нафар йўловчи эвакуация қилинган, шулардан 52 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Қутқарув ишларига 52 нафар қутқарувчи ва 14 дона техника жалб қилинган.
Ақтўбе вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқаролардан об-ҳаво ўзгаришларини кузатишни, об-ҳаво ёмонлашса ҳамда йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар жорий этилса, кўчага чиқмасликни қатъий тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олмаота-Тошкент автомобиль йўлининг 570-километрида двигателдаги носозлик сабаб йўловчи автобуси тўхтаб қолган, унинг ичидаги 33 нафар ўзбекистон эвакуация қилинган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси