Қозоғистонда асли ўзбекистонлик миллиардернинг жияни қамалди
Олам
−
21 Июль 2023
11493Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг жияни, қозоғистонлик тадбиркор Орифжон Шодиев “Asia Credit Bank”га 16 миллиард тенге миқдорида зарар етказгани учун бир ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда журналист Михаил Козачков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳукм бир неча кун аввал Олмаотада эълон қилинган.
Шодиев билан бирга унинг ёрдамчиси Михаил Соловьев ҳам судланган. Айтганча, яқин вақтгача тадбиркор Forbes журналининг қозоқ нашри рўйхатида энг бой тадбиркорлар рейтингида 40-ўринни эгаллаган.
Тергов маълумотларига кўра, Шодиев 2019 йил апрель ойида “Asia Credit Bank” эгаси Нурбол Султон билан банк акцияларини сотиб олиш бўйича шартнома тузган. Битим шартларига кўра, Шодиев мулкдор бўлиш учун бешта компаниянинг жами 16,7 миллиард тенге кредитини тўлаши керак бўлган. Тадбиркор ушбу шартларга рози бўлиб, кредит мажбуриятларини ўз зиммасига олган. Орифжон Шодиев гаров сифатида Олмаота шаҳри чегарасида жойлашган еттита ер участкасини тақдим этган. Аммо бир оз вақт ўтгач, у ёрдамчиси Михаил Соловьев билан бирга тўсатдан ваъдаларини ўзгартирди.
“Жиноий ниятини амалга ошириш учун О.К.Шодиев Соловьевнинг Олмаота шаҳри, “Горний Гигант” МФЙ манзилидаги деҳқон хўжалигини юритиш мақсадида, умумий майдони 109,6408 гектар бўлган ер участкаси борлигини билиб, у билан жиноий тил бириктирган. Жиноят режасига кўра, Шодиев ва Соловьев юқоридаги 7 та ер участкаларини ликвидлиги паст, тенг бўлмаган, банкнинг кредит ва гаров сиёсати талабларига жавоб бермайдиган ер участкасига алмаштиришга қарор қилдилар”, дейилади суд ҳукмида.
“Asia Credit Bank” лицензиясидан айрилганидан кейингина қоидабузарлик юзага чиққан. Буни банкнинг тугатиш комиссияси аниқлаган.
Оқибатда ўз айбига иқрор бўлган Орифжон Шодиев бир ярим йилга, унинг ёрдамчиси Михаил Соловьев эса бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Улар жазони енгил режимли колонияда ўташади. Бундан ташқари, маҳкумлар банкка етказилган зарарни тўлиқ қоплашлари шарт.
“Шодиев бошқарув функцияларини бажарувчи молия ташкилотининг йирик иштирокчиси бўлиб, ваколатларидан ўз манфаатлари учун фойдаланган ҳолда молия ташкилотига йирик миқдорда зарар етказган”, дейилади суд қарорида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь