Фаттоҳ Шодиевнинг жияни озодликка чиқди
Олам
−
11 Август 2023
10675Қарийб бир ой олдин “Asia Credit Bank”га 16 миллиард тенге миқдорида зарар етказгани учун бир ярим йилга қамалган қозоғистонлик тадбиркор Орифжон Шодиев озодликка чиқди. Бу ҳақда “Tengrenews.kz” нашри хабар берди.
Олмаота шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича суд ҳайъатининг қарорига кўра, Шодиев ва унинг ёрдамчиси Михаил Соловьевга нисбатан берилган жазо шартли равишда озодликка чиқариш билан алмаштирилган.
“Орифжон Шодиевга Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-моддаси 2-қисми билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлансин. Жиноят кодексининг 50-моддаси 3-қисми асосида молия ташкилоти, банк ва суғурта холдингининг масъул ходими лавозимларини эгаллашни умрбод чеклаш тарзидаги қўшимча жазо тайинлансин. Унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли давлат органини хабардор қилмасдан доимий яшаш жойини ўзгартирмаслик мажбурияти юклаган ҳолда синов назорати ўрнатилсин. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинсин, зудлик билан қамоқдан озод этилсин”, дейилади қарорда.
Унинг ёрдамчиси Михаил Соловьев молиявий ташкилотларда раҳбарлик лавозимларини эгаллашни бир умрлик ман этиш билан бир йилу олти ойга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.
Эслатиб ўтамиз, асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг жияни, қозоғистонлик тадбиркор Орифжон Шодиев “Asia Credit Bank”га 16 миллиард тенге миқдорида зарар етказгани учун бир ярим йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Тергов маълумотларига кўра, Шодиев 2019 йил апрель ойида “Asia Credit Bank” эгаси Нурбол Султон билан банк акцияларини сотиб олиш бўйича шартнома тузган. Битим шартларига кўра, Шодиев мулкдор бўлиш учун бешта компаниянинг жами 16,7 миллиард тенге кредитини тўлаши керак бўлган. Кредит мажбуриятларини ўз зиммасига олган Шодиев гаров сифатида Олмаота шаҳри чегарасида жойлашган еттита ер участкасини тақдим этган. Аммо бир оз вақт ўтгач, у ёрдамчиси Михаил Соловьев билан бирга тўсатдан ваъдаларини ўзгартирган.
LiveБарчаси