Қозоғистонда 100 га яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ бўлди

Олам

image

Қозоғистоннинг Остона-Петропавловск трассасида 95 га яқин автомобиль иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда “КазАвтоЖол” миллий йўл оператори хабар берди.

Билдирилишича, бугун, 3 январь куни соат 07:20 да об-ҳаво шароитининг ёмонлашуви муносабати билан миллий автомагистралнинг Остона-Петропавловск қисмида (18–232-км) барча турдаги автотранспорт воситалари ҳаракати учун чеклов жорий этилган. Соат 12:30 да об-ҳаво яхшиланиб, йўл тозаланганидан сўнг, ички ишлар бўлими ходимлари ва “КазАвтоЖол” махсус техникаси ҳамроҳлигида Шучинск шаҳри томон ҳаракат ташкил этилган. 

"Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезлик ва хавфсиз масофага риоя қилмасликлари сабабли, соат 13:28 да автомагистралнинг 153-километрида Жанаталап қишлоғи яқинида 95 га яқин автомобиль иштирокида кучли тўқнашув содир бўлган ”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, воқеа жойида полиция ходимлари ва “КазАвтоЖол” мутахассислари ишламоқда. Ақмўла полициясининг маълум қилинишича, йирик автоҳалокат оқибатида 11 киши турли тан жароҳатлари билан Буландин тумани шифохонасига мурожаат қилган, улардан тўрт нафари шифохонага ётқизилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Қарағанди шоссесида об-ҳавонинг ёмонлашуви туфайли 800 га яқин автомобиль тўпланиб қолган. Билдирилишича, об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши сабабли иккита асосий йўналиш: Қарағанда – Остона ва Қарағанда – Павлодар йўллари ёпилган.

“Республика аҳамиятига эга Олмаота-Екатеринбург автомагистралида ҳар куни 10 000 дан ортиқ транспорт воситалари ўтади, жиддий вазият юзага келди”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, полиция йўл ҳаракати ҳолатини нормаллаштириш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Шунингдек, хабарда Оқмўла вилояти чегарасигача кузатиб бориш, ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш йўлга қўйилиши ҳам қўшимча қилинган.

Шунингдек, Қарағанди вилояти ички ишлар бошқармаси вилоят аҳолиси ва меҳмонларини зарурат бўлмаса, аҳоли пунктларидан ташқарига чиқмасликка чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятидаги автомобиль йўлида қор бўрони ва кўришнинг ёмонлашуви туфайли 40 га яқин автомобиль бир-бирига тўқнашиб кетганди. Ушбу йўлда ҳам полиция ва фавқулодда хизматлар фаолият олиб бораётгани маълум қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон автомобиль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг