Қозоғистон Жиноят кодексидан Назарбоев ҳақидаги моддалар олиб ташланади
Олам
−
31 Май 2023
7565Қозоғистон парламенти депутатлари Жиноят кодексидан республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги моддани олиб ташлаш бўйича тузатишларни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда парламент депутати Снежанна Имашева маълум қилди.
Имашеванинг аниқлик киритишича, ўзгартириш 2022 йил июнида бўлиб ўтган конституциявий референдумда Элбоши (миллат етакчиси) тўғрисидаги низом асосий қонундан чиқариб ташлангани билан боғлиқ.
“Элбоши мақоми энди мавжуд эмас, шунинг учун жиноий жавобгарлик энди керак эмас ва қўлланилмайди”, дейди депутат.
Қозоғистон Адлия вазирлиги ҳам мамлакат Жиноят кодексидан биринчи президентнинг шаъни ва қадр-қимматига оммавий ҳақорат қилиш ва бошқа турдаги тажовузлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи 373- ва 374-моддаларини чиқариб ташлаш режалаштирилаётганини тасдиқлаган.
Қозоғистон Адлия вазири Азамат Ескараевнинг тушунтиришича, Нурсултон Назарбоев учун собиқ давлат раҳбари сифатида дахлсизликнинг барча кафолатлари сақланиб қолган, бироқ бу унинг яқин қариндошларига тааллуқли эмас.
“Собиқ президент учун барча кафолатлар сақланиб қолган. Лекин бу унинг оила аъзоларига тегишли эмас, фақат унга тегишли. Йўқотилган қонун авваллари унинг оила аъзоларининг мол-мулки, ҳисоб рақамлари учун тегишли кафолатлар берарди”, деган Азамат Ескараев.
Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев 1989 йилнинг июнидан 2019 йилнинг мартигача Қозоғистон раҳбари бўлган. 2010 йилдан у Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши расмий унвонига эга бўлган. 2022 йилда Қозоғистонда референдум натижасида конституция янгиланди, шу қаторда ундан республиканинг биринчи президенти ҳақидаги барча ҳаволалар чиқариб ташланди. 2023 йил февраль ойида эса Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг фармони билан “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоев Олмаотадаги машинасозлик заводидаги акцияларини давлатга қайтаришга мажбур бўлган эди. Шунингдек, у “Барис” автомобиль бозоридан айрилиши мумкинлиги ҳам айтилди. Бундан ташқари, Болат Назарбоев норасмий рафиқаси – хонанда Динара Алжанга биринчи учрашувнинг ўзидаёқ 15 сотихли майдонда 360 квадрат метрлик уй совға қилгани ва унга жами 1 миллион АҚШ доллари сарфлагани, хонанда эса ҳозирда гиёҳвандликка берилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Нурсултон Назарбоевнинг яна бир қаридоши, жияни Қайрат Сатибалдининг собиқ рафиқаси Гулмира Сотибалди ҳам одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, етти йилга озодликдан маҳрум этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь