Қозоғистон ва Россия рақиблар эмас – Тўқаев

Олам

image

Қозоғистон ва Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳамда учинчи давлатлар бозорларида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро рақобат қилмаслиги керак. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия ва Қозоғистон ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форумида қатнашувчиларига қилган мурожаатида сўз очди.

“Агросаноат соҳасида мамлакатларимиз ҳақиқатан ҳам улкан экспорт салоҳиятига эга. Мамлакатларимиз ЕОИИ бозорида ва экспорт бозорларида ўзаро рақобат қилмаслиги керак, чунки бу интеграция ва умумий ҳамкорликка сезиларли зарар етказади. Музокаралар давомида ушбу масалага катта эътибор қаратдик ва умумий тушунишга эришдик”, деди Тўқаев.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Россия биргаликда ҳаракат қилиб, учинчи давлатлар бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи асосий озиқ-овқат марказига айланиши мумкин. Бугунги кунда Хитой мамлакат маҳсулотларининг ишончли ҳамкори ва барқарор истеъмолчиси бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, Тўқаев Москвага Қозоғистон билан биргаликда “шарқий қўшни” билан савдо ҳажмини ошириш учун бир-бирини тўлдиришни таклиф қилди. Бундан ташқари, у Россиянинг агросаноат комплексини ривожлантириш, импортни алмаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида катта ютуқларга эришганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, августда Қозоғистон ҳукуматининг учинчи давлатлар ва ЕОИИдан буғдой импортини тақиқлаш тўғрисидаги қарори кучга кирган эди. Шундан сўнг 8 октябрь куни Росселхознадзор Қозоғистон орқали Россияга санкция остидаги маҳсулотларнинг ноқонуний олиб кирилиши ҳолатлари ҳақида хавотир билдирган. 17 октябрь куни эса Росселхознадзорнинг ўзи ҳам Россияга Қозоғистондан буғдой, ясмиқ, помидор, қалампир ва қовун олиб киришни вақтинча тақиқлаган. 21 октябрь куни Россия Қозоғистондан кесилган гуллар ва ғунчаларнинг ҳам мамлакатга импортини вақтинча чеклаб қўйди. Чекловлар фонида Россия Қозоғистонни Евросиё иқтисодий иттифоқи шартномасидаги транзит ташувлари бўйича ягона тарифлардан фойдаланиш тамойилини бузганликда айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг