Россия Қозоғистондан гул импортини ҳам тақиқлади
Олам
−
19 Октябрь
5033Россия 21 октябрдан бошлаб Қозоғистондан гуллар олиб киришни чеклайди. Бу ҳақда Россельхознадзор хабар берди.
Маълум қилинишича, гуллар Россияга асосан Қозоғистон органлари томонидан берилган фитосанитария сертификатлари орқали келади. Қозоғистон эса гулларнинг асосий қисмини Нидерландия, Польша ва Бельгиядан қайта экспорт қилмоқда. Бироқ ушбу мамлакатларнинг тегишли идоралари маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли даражада назорат ўрнатмаган. Импортни тўхтатиш 43 та ҳолатда ғарб гул трипси аниқлангани билан боғлиқ. Бу ҳашарот Россия ҳудудида тарқалишига йўл қўйилса, иқтисодий зарари 11,5 миллиард рублдан ошиши мумкин.
Маълумот учун, 23 сентябрдан бошлаб Россия Қозоғистон дони ва бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз ҳудуди орқали транзит қилишга бир томонлама чекловлар киритган эди.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, 8 октябрь куни Россельхознадзор билан Қозоғистон карантин назоратидаги маҳсулотларини қайтариш бўйича музокаралар ўтказилган, 9 октябрь куни эса Евроосиё иқтисодий комиссияси платформасида Россельхознадзор ва Россия давлат идоралари вакиллари, Қозоғистон давлат органлари ва бизнеси иштирокида биринчи маслаҳатлашув босқичи бўлиб ўтган.
16 октябрь куни Қозоғистон парламенти депутати Айдарбек Хожаназаров Бош вазир Олжас Бектеновдан Россия билан музокараларни бошлашни ва Қозоғистон маҳсулотларини транзит қилишга қўйилган асоссиз фитосанитария чекловларини бекор қилишни сўраган. Шунингдек, у Россия маҳсулотларини Қозоғистон ҳудуди орқали транзит қилиш тарифларини қайта кўриб чиқиш ва Россельхознадзор устидан ушбу ташкилот туфайли маҳаллий экспортчилар зарар кўраётгани учун судга даъво киритиш кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 17 октябрдан Россельхознадзор Қозоғистондан буғдой, ясмиқ, помидор, қалампир ва қовунни Россияга олиб киришга вақтинчалик чекловлар киритган эди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь